Аждодлар қаҳрамонлиги рассомлар нигоҳида
Жасорат унутилмайди, матонат мангу яшайди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизм балосини енгишда Ўзбекистон фарзандлари ҳам муносиб ҳисса қўшдилар.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган йили пойтахтимизда бунёд этилган "Ғалаба" ёдгорлик мажмуаси, унинг таркибидаги "Шон-шараф" давлат музейи боболаримиз, умуман, ўзбекистонликларнинг жасорати, ўша оғир дамлардаги матонати биз ўйлаганимиздан кўра анча залворли эканини яна бир карра намойиш этмоқда. Шу сабабли бу масканга келган ҳар бир инсон қалбида чексиз ҳаяжон юзага келиши табиий.
Жорий йилнинг 5 май куни “Ғалаба боғи”да Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, ёшларда тинчлик ва фаровонлик каби неъматнинг қадрига етиш ва уни янада мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссида тарбиялаш мақсадида ажойиб кўргазма ташкил этилди.
“Аждодлар қаҳрамонлиги ёш рассомлар нигоҳида" мавзусида ўтказилган ёш мусаввир ижодкорлар кўрик-танлови ҳамда маънавий-маърифий тадбир каттаю кичикни бефарқ қолдирмади.
Танловда Тошкент шаҳрида ижод қилаётган 60 нафардан ортиқ ёш рассом иштирок этди. Улар шу ернинг ўзида расм чизиш имконига эга бўлди. Тадбир давомида китоблар ярмаркаси, фотокўргазма ҳам ташкил этилди. Танлов сўнггида ижоди энг яхши деб топилган ёш ғолиблар Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар бўлими томонидан эсдалик совғалари, китоблар жамланмалари ҳамда дипломлар билан тақдирланди.
Ҳа, бу каби кўргазмалар, маърифий тадбирлар тинчлик, осойишта ҳаёт, тани сиҳатликнинг қадрига етишга ундаши билан ҳам қадрлидир.
Н Усмонова, ЎзА