“Aждодлар изидан”
Қашқадарё вилоятида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва тарихий меросга қизиқишини кучайтиришга қаратилган “Аждодлар изидан” интеллектуал турнирининг вилоят босқичи ўтказилди.
Танлов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти Кенгаши, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳамда Қарши ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий авиация институтида ташкил этилди. Унда куч тузилмаларига қарашли ҳарбий қисм ва муассасалардан 15 жамоа, жами 90 нафар ёш ҳарбий хизматчи иштирок этди.

Беллашувлар буюк саркарда ва давлат арбобларининг ҳарбий санъати, давлат бошқаруви ҳамда ислоҳотлари ҳақидаги манбалар асосида савол-жавоб тарзида ўтказилди. Бу иштирокчиларнинг билим ва таҳлилий фикрлаш қобилиятини синовдан ўтказишга хизмат қилди.

Якуний натижаларга кўра, энг юқори балл тўплаган жамоалар – Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисми, вилоят Миллий гвардияси, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, божхона бошқармалари ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисми жамоалари республика босқичига йўлланма олди.

Ғолиблар диплом ва китоб жамланмалари билан тақдирланди.

Мазкур танлов ёш ҳарбий хизматчиларда Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири