“Аждодлар изидан” танлови ғолиблари аниқланди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида “Аждодлар изидан” интеллектуал танловининг вазирлик босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур танловда жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгашлари томонидан ўтказилган ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилардан иборат жамоалар иштирок этиб, ўзларининг билим савияси, мантиқий фикрлаш қобилияти, мутолаа маданияти ҳамда жамоавий ҳамкорлик кўникмаларини намоён этди.

Танлов жараёнлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан очиқлик, холислик ва шаффофлик тамойиллари асосида баҳолаб борилди.
Танловда ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилардан иборат жами 14 та жамоа ўзаро беллашди. Иштирокчиларга Ўткир Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар», Саид Аҳмаднинг «Жимжитлик», Агата Кристининг «Ўнта негр боласи» романлари, шунингдек, «Жадидлар» (Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат) ҳамда «Уйғониш» (Абу Наср ал-Форобий, Муҳаммад ал-Бухорий) тўпламлари асосида тайёрланган саволлар берилди.

Баҳслар якунига кўра, 1-ўринни “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Навоийуран” ДК объектларида фавқулодда вазиятлар маркази жамоаси эгаллади.
Интеллектуал беллашув иштирокчиларнинг китобхонлик маданияти, тарихий хотираси, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмати, мантиқий тафаккури ҳамда жамоавий ишлаш кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Танлов ёш ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, аждодларимиз қолдирган бой илмий-маърифий меросни чуқур ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш ва Ватанга садоқат туйғуларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди.

Танлов якунларига кўра, ғолиб ва совриндор жамоалар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, 1-ўринни қўлга киритган жамоага вазирлик ва идоралар ўртасида ўтказиладиган “Аждодлар изидан” интеллектуал танловининг якуний босқичида иштирок этиш учун йўлланма топширилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА