АзерТАЖ ташкил этилганига 104 йил бўлди
Озарбайжон давлат ахборот агентлиги – АзерТАЖ 104 ёшни қарши олди. 1920 йил 1 март – илк янгиликларини тарқатган сана агентлик ташкил топган куни сифатида қабул қилинган.
Агентлик турли даврларда АзКАФРОСТА, АзТАГ, АзерТА, “Азеринформ” номлари остида фаолият олиб борган. Озарбайжон мустақилликка эришгандан кейин АзерТАЖ расмий ахборот агентлигига айлантирилган.
Бугунги кунда АзерТАЖ Жаҳон ахборот агентликлари конгресси, Европа альянси (EANA), Осиё ва Тинч океани ахборот агентликлари ташкилоти (OANA) Кенгашининг фаол аъзоси ҳисобланади. 2016-2019 йиллар Жаҳон янгиликлар конгресси ва ОАNАда бир вақтнинг ўзида раислик қилиб, агентлик ўз номини жаҳон оммавий ахборот воситалари тарихига киритди. 2023 йил Истанбулда бўлиб ўтган Туркий тиллар ахборот агентликлари уюшмаси таъсис Бош ассамблеяси (ATNA)да АзерТАЖ ушбу тузилма бош котиблигини зиммасига олди.
Агентлик янгиликлари azertag.az сайти, ахборот варақалари ва ижтимоий тармоқ орқали тарқатилади. Ижтимоий тармоқда жамоанинг турли шакл ва тилда жами 30 саҳифаси мавжуд. Бугунги кунда сайтга ҳар куни ўртача 500 дан кўп янгилик, 40 дан ортиқ видео ва 100 дан зиёд сурат жойлаштирилади. 2023 йил АзерТАЖда 190 мингдан кўпроқ ахборот, хабар тайёрланган.
Сўнгги йилларда 50 га яқин хорижий ахборот агентликлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланган, 5 қитъада фаолият юритувчи агентликлар билан ахборот алмашинуви давом этмоқда.
АзерТАЖ саккиз – озарбайжон, инглиз, рус, немис, француз, араб, хитой ва испан тилларида янгилик тарқатади, минтақада биринчи бўлиб беш тилда видео материал узатишни йўлга қўйган. Агентлик Озарбайжон ҳақидаги маълумотларни, айтиш мумкинки, сайёрамизнинг турли бурчакларига етказади. Ушбу манба жаҳон миқёсида нуфузли, ишончли ва холис ахборот макони сифатида қабул қилинади. Дунёнинг 21 давлатида ваколатхонаси мавжуд.
ЎзА