Айрим рақамларни келтириб ўтамиз...
Қанча тушунтиришлар берилса-да, вилоят ва туманларда озиқ-овқат захирасини йиғишга бўлган қизиқиш кенгайиб бормоқда. Тўғри, миш-мишлар гирдобида ваҳима ва қўрқувга тушганда, бу ҳолат юз беришини киноларда ёки хорижда юз берган форс-можорда кўп кузатганмиз.
Қанча тушунтиришлар берилса-да, вилоят ва туманларда озиқ-овқат захирасини йиғишга бўлган қизиқиш кенгайиб бормоқда. Тўғри, миш-мишлар гирдобида ваҳима ва қўрқувга тушганда, бу ҳолат юз беришини киноларда ёки хорижда юз берган форс-можорда кўп кузатганмиз.
Юртдошларимизни хотиржамликка чақириб айтиш мумкинки, қиш давомида бозорларни кузатганлар яхши билади, ҳозирга қадар ҳам сархил мевалар, узум дейсизми ёки анор, ҳатто шафтоли ҳам сотувда бор эди. Кундалик эҳтиёж учун муҳим бўлган картошка, пиёз, сабзини бирортасида танқислик ёки қимматлашуви юз бергани йўқ. Бундай ҳолат яқин кунларда ҳам кузатилмайди.
Биламизки, ҳар йили қиш ва баҳор ойлари учун давлатимиз захира йиғиш чораларини кўради. Бу эса ушбу фаслларда деҳқон бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлар нархининг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Қайд этиш керакки, ҳар йилдаги каби жорий йилда ҳам қиш ва баҳор ойлари учун етарлича захира жамғарилган эди. Шу боис озиқ-овқат масаласида хавотирланишга ҳожат йўқ. Энг муҳими, хотиржамликни сақлаш керак.
Албатта, ишониш учун асос бўлиши керак. Шунинг учун айрим рақамларни келтириб ўтамиз. Мисол учун, Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашидан маълум қилишларича, “Наврўз“ умумхалқ байрами муносабати билан деҳқон бозорларда ташкил этилган байрам олди савдо ярмаркаларига ўн кун давомида 5 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари узлуксиз ва арзон нархларда харидорларга тақдим этилади. 200 тонна мол ва қўй гўшти, 1000 тонна картошка, 800 тонна сабзи, 1000 тонна сабзавотлар, 500 тонна турли хилдаги мевалар шулар сирасидандир.
Юртдошларимизга сифатли ва истеъмол учун хавфсиз бўлган гўшт, сут, мева-сабзавот, салқин ичимликлар каби ўттизга яқин турдаги маҳсулотлар барқарор ва арзон нархда етказиб берилмоқда. Бу эса маҳсулотларнинг нархи барқарор бўлиши ва жуда қимматлашиб кетишининг олди олинади. Айни вақтда фермер ва деҳқонларимиз Тошкент шаҳридаги истеъмол бозорларига бир дона тухумни 700 сўмдан, бир килограмм товуқ гўштини 20 минг, бир килограмм мол гўштини 45 минг сўмдан узлуксиз етказиб бермоқда.
Ҳаммамиз кўриб турибмиз, қимматчилик бўлиши ёки маҳсулот тақчил бўлишига сабаб бўладиган ҳеч нарса йўқ. Дунёнинг бошқа давлатлари каби бизда ҳам коронавирус деган балонинг тарқалиши халқимиз учун ҳам бир синов. Бу офатни енгиб ўтиш учун энг аввало, бирлашиб, халқимизга хос бўлган оғир-вазминлик билан иш тутишимиз, ортиқча ваҳимага берилмаслигимиз муҳимдир.
Яна бир хушхабар, ҳадемай эртанги картошка, сабзи каби сабзавот экинлари бозорларимиз файзини оширади.