Айрим бозорларнинг маълум бир қисимлари электр таъминотидан узилди
Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ходимлари томонидан пойтахтимиздаги учта бозорда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан белгиланган тартибда текширувлар ўтказилди.
Жумладан, Яшнобод туманидаги “Авиасозлар” деҳқон бозори, Шайхонтоҳур туманидаги деҳқон бозор ҳамда Чилонзор туманидаги буюм бозори текширилди.

Текширувлар давомида мазкур бозорларнинг айрим ҳудудларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг қўпол равишда бузилгани аниқланди. Шу муносабат билан, ушбу бозорларнинг айрим блоклари аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар тегишли ҳужжат асосида фаолияти вақтинча тўхтатилди.
— Текширув давомида шу аниқландики, барча бозорларда очиқ ҳолатдаги электр симлар, ёнғинга олиб келувчи вазиятлар ҳамда ёнғин ўчириш учун ишлатиладиган жўмракларнинг носозлиги ва айрим жойларда умуман мавжудмаслиги каби ёнғин хавфсизлик қоидалари қўпол равишда бузилгани ҳолатлари кузатилди, – деди Тошкент шаҳар ФВББ ахборот хизмати бошлиғи Зуҳриддин Қурбонов. – Тегишли тартибда шу камчиликлар аниқланган жойлар, яъни бозорнинг маълум бир қисимлари электр таъминотидан узилди. Юқорида келтирилган давлат ёнғин назорати текшируви ўтказилган бозорлар фаолияти тўлиқ тўхтатилгани йўқ. Текширувлардан аниқланган камчиликлар бор жойлар электр таъминотидан вақтинча узилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА