Аёзли кунларда ёнғинлар сони ортди
Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, аномал совуқ ҳукм сурган кунларда электр трансформаторларида юзага келган носозликлар, айниқса, кўп қаватли уйлардаги ток тақсимлаш қутичалари (электрошит)да электр энергияси юкламасининг ортиб кетиши натижасида аҳоли хонадонлари, турли ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш объектларида ёнғинлар содир бўлган.
Андижон шаҳрининг Шифокор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли 10-А уйнинг ертўласидаги электр кабеллар, шунингдек, уйнинг кириш қисмидаги электр тақсимлаш қутичасида электр энергияси юкламасининг ортиб кетиши оқибатида ёнғин келиб чиққан.
Воқеа жойига Андижон шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимининг 4 та ёнғин-қутқарув экипажи зудлик билан етиб борган. Қисқа муддатда ёнғинни ўчириш билан бир вақтда уйнинг юқори қаватларидаги хонадонларда бўлган 22 нафар фуқаро махсус нарвон ва жиҳозлар ёрдамида хавфли ҳудуддан олиб чиқилган.
Фуқароларни қутқариш жараёнида капитан Умиджон Усмоналиев раҳбарлигидаги бўлинма ходимлари Ғолибжон Тўраев, Азизбек Маматисаев, Улуғбек Деҳқонов профессионал даражада ҳаракат қилган.
[gallery-10332]
Шунингдек, Асака туманидаги Амир Темур маҳалласи, Иқбол кўчасида жойлашган 12-кўп қаватли уйнинг 11-хонадонида электр симининг қисқа туташуви натижасида келиб чиққан ёнғин туфайли хонадоннинг 25 квадрат- метр майдони, шифт қисми ва уйдаги жиҳозлар тўла ёниб кетган.
Олтинкўл тумани Меҳнат маҳалласида жойлашган ишлаб чиқариш цехида юзага келган ёнғин натижасида бинонинг 200 квадрат-метр майдони, шифт ва том қисми, қайта ишлашга тайёрлаб қўйилган иккиламчи хом ашёлар ёниб кетган. Воқеа жойига 10 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилиб, 16 дақиқа ичида ёнғин бартараф этилган.
Айни кунда ёнғиннинг келиб чиқиши сабаблари ва кўрилган моддий зарар миқдори ўрганилмоқда.
Содир бўлган ҳодисалардан фуқароларнинг куйиш, тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмади.
Шу кунларда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар мутасаддилари ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, носоз электр жиҳозлардан фойдаланмаслик, электр симлари ҳолатини назорат қилиш, қишнинг совуқ кунларида ҳушёрликни ошириш юзасидан мунтазам тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА