Аёллар ва раҳбарлик мавзусида форум
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат ва келажак ишлари вазирлиги билан ҳамкорликда "Аёллар ва раҳбарлик” виртуал форуми ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари – Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бердимуродов, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова ва бошқалар аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини фаоллаштиришга катта аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
Бугунги глобаллашув жараёнида Ўзбекистон аёлларининг ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий-маданий-иқтисодий ҳаётдаги ролини кучайтириш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда. Ўзбекистонда аёлларга нисбатан бундай эътибор катта демократик жараёндан далолат беради ва халқаро миқёсда эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида Бирлашган Араб Амирликларининг молиявий ва техник ёрдамини жалб этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши билан тасдиқланган “Йўл харита”сида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири маҳкамаси ҳузуридаги Ҳукумат лидерлари дастури ҳамкорлигида ташкил этилган Ўзбекистонда биринчи раҳбар аёллар форуми долзарб аҳамиятга эга.
Форум гендер тенгликни таъминлашга оид долзарб муаммоларни атрофлича муҳокама қилиш ва уларнинг оптимал ечимларини ишлаб чиқиш, давлат, жамият ва бизнес бошқарувида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, хотин-қизларда раҳбарлик ва лидерлик қобилиятини ривожлантириш, давлат хизматчиларининг гендер тенглиги масалалари бўйича тасаввурларини кенгайтиришдек мақсадларни кўзлайди.
Шунингдек, БАА ва Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш борасидаги муваффақиятли тажрибаларини намоён қилиш, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Форум кун тартибидаги масалалар ҳам бугунги кундаги долзарб мавзулардан биридир. Жамиятда хотин-қизларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда янада фаол иштирокини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Ҳозир юртимизнинг барча ҳудудларидаги маҳаллий ижро органларида, вазирликлар, банк ва компаниялар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, Қуролли Кучлар таркибида масъул вазифаларда хизмат қилаётган опа-сингилларимиз сафи тобора кенгаймоқда. Қувонарлиси, раҳбар аёлларимизнинг аксарияти ёш хотин-қизлардир.
2020 йилда 6 нафар иқтидорли, салоҳиятли опа-сингилларимизнинг ғоят масъулиятли вазифага – туман ва шаҳар ҳокими лавозимларига тайинлангани ижтимоий-сиёсий жабҳада гендер тенгликни таъминлашдаги муҳим қадамларнинг ифодаси бўлди. Ҳозирги вақтда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 500дан зиёд хотин-қиз раҳбарлик лавозимида меҳнат қилмоқда.
Чекка ҳудудларда иқтидорли қизларни излаб топиш, уларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш, улар томонидан яратилган интеллектуал лойиҳаларни тарғиб этиш ишларига кўмаклашиш, фаол бўлмаган хотин-қизлар ўртасида доимий ҳамкорликда ишлашни таъминлаш бўйича “Раҳбар аёлнинг бир куни” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Алоҳида эътироф этиш ўринлики, мазкур мавзудаги форумнинг туб моҳиятида бугуннинг аёллари масалалари кўрилса-да, бугун жамият келажак аёллари учун ҳам масъулдир. Чунки бугунги ёш хотин-қизларимиз тимсолида эртанги фаол, ўктам, интилувчан аёллар сафи тузилади.
Мазкур форум нафақат икки юрт аёлларининг ҳамкорлик доирасини, балки икки давлатнинг аёлларга, гендер масаласига уйғун бўлган сиёсий қатъиятини белгилаши, шубҳасиз.
Бу борада Бирлашган Араб Амирликлари интелектуал ривожланган, диний ва дунёвий билимларга бой аёлларининг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиб, ҳар икки давлатда тўпланган тажрибани ҳаётга татбиқ этиш ва халқаро экспертларни ҳам ушбу жараёнларга жалб қилиш борасидаги ҳамкорлик яхши самара беради.
Ушбу форум натижалари нафақат Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ҳатти ҳаракатларини янги босқичга олиб чиқишга, балки бутун сайёрамизнинг хотин-қизлари тақдири ва тарихида ижобий таъсирини қолдиради.
Н.Усмонова, ЎзА