Аёллар учун бепул сайёр тиббий кўрик ташкил этилди (+видео)
Юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса хотин-қизлар ўртасида касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан жойларда ташкил этилаётган сайёр тиббий кўриклар ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.
Жумладан, Бектемир туманида ҳам 45 ёшдан ошган аёллар учун сайёр маммография тадбирлари 18 кундан буён давом этмоқда. Ушбу ташаббус аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, сут бези касалликларини эрта босқичда аниқлаш ҳамда профилактик чораларни кучайтиришга қаратилган.
Тадбир доирасида тумандаги поликлиникалар орқали аёллар тиббий кўрикка жалб этилмоқда. Улар махсус замонавий маммография аппарати ўрнатилган сайёр тиббий машиналарда бепул текширувдан ўтказиляпти.
Мутахассис шифокорлар томонидан ҳар бир мурожаатчига индивидуал ёндашилиб, зарур тавсиялар берилмоқда. Маммография текширувлари орқали сут безидаги ўзгаришларни эрта аниқлаш имконияти яратилиб, бу эса касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, тадбир давомида аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзи, онкологик касалликлар профилактикаси ва мунтазам тиббий кўрикнинг аҳамияти ҳақида тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Масъулларнинг таъкидлашича, бундай сайёр тиббий хизматлар аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EDBo51zfhJA" title="Ayollar uchun bepul sayyor tibbiy ko‘rik tashkil etildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, У.Тўхтаев (монтаж), ЎзА