Аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати қолдирилди
Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA) жорий йил 6-19 декабрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилиши керак бўлган аёллар ўртасидаги XII жаҳон чемпионатини кейинги йил март ойига қолдирди.
Халқаро олимпия қўмитаси хабарига кўра, AIBAнинг бундай қарорга келиши дунёда коронавируснинг кенг ёйилиши сабабли кўпгина миллий федерацияларнинг қийин ахволда қолаётганлиги билан изоҳлаган.
Ушбу жаҳон чемпионатининг қолдирилиши дунёда аёллар ҳаваскор боксининг ривожига салбий таъсир кўрсатиши табиий. Боиси, 2019 йилдан бери ўтказилмаётган дунё биринчилигининг 2021 йил Туркияда ташкил этилиши AIBA томонидан бир ярим йил муқаддам эълон қилинган эди. Шундан сўнг жаҳондаги барча хотин-қиз боксчилар шу йўналишда тайёргарлик кўраётганди.

Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси раҳбари Умар Кремлёвнинг таъкидлашича, AIBA директорлар кенгашининг бундай қарорга келиши осон бўлгани йўқ. Аммо спортчилар, айниқса, аёл боксчиларни эпидемиологик талафотлардан асраш ҳаммасидан муҳим бўлганлиги туфайли жаҳон чемпионати Туркия бокс федерацияси билан келишилган ҳолда 2022 йилнинг март ойига қадар кечиктирилди.
Маълумки, мазкур жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этишни кўзлаган Ўзбекистон аёллар терма жамоаси айни кунларда тайёргарлик машғулотларини Тошкент вилоятидаги “Янгиобод” спорт базасида давом эттираётганди. Жаҳон чемпионатининг кейинга қолдирилганлиги муносабати билан ЎзА мухбири бокс бўйича аёллар терма жамоаси катта мураббийи Элшод Расулов билан боғланиб, ушбу вазият ва чемпионат қолдирилганлиги муносабати билан тайёргарлик машғулотларининг қай йўсинда давом этиши хусусидаги фикрлари билан қизиқди.

- Албатта, жаҳон чемпионатининг кечиктирилиши бироз ноқулайлик туғдирганлиги бор гап. Аммо кайфиятни туширганимиз йўқ. Доимий тарзда машғулотларни давом эттиряпмиз. Ўқув-йиғин ишлаб чиқилган режа асосида 20 ноябрга қадар давом этади. Ундан сўнг, агар Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан олиб борилаётган музокаралар ўз самарасини берса, 24 ноябрь-4 декабрь кунлари Туркияда 4 та давлат – мезбонлар, Ирландия, Қозоғистон ва Ўзбекистон боксчи қизлари ўртасида қўшма машғулот ва текширув жангларини ўтказишни режалаштиряпмиз. Бу қўшма машғулот ва текширув жангларини ўтказишдан асосий мақсад, Париж-2024 олимпия ўйинларига тайёргарлик дастурида белгиланган стратегияга мувофиқ босқичма-босқич боксчи қизларимизнинг техник-тактик маҳоратини ошириб бориш. Бундан ташқари, кейинги йил январь ойида Тошкентда 19-22 ёшли қизлар ўртасида ўтадиган Осиё чемпионатида қатнашадиган спортчиларимизни яна бир бор кўрикдан ўтказиш, - деди Э.Расулов
Эслатиб ўтамиз, аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати бундан икки йил муқаддам Россиянинг шимолий масканларидан бири бўлган Улан-Удэда ташкил этилганди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА