Аёллар футболи: Олий лига
“Сўғдиёна – Woman” учун мавсум якунланди
Футбол бўйича аёллар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати олий лигасида 22-тур ўйинлари бўлиб ўтди.
Ушбу турда Жиззахнинг “Сўғдиёна-Woman” клуби Тошкентда “Пахтакор-Woman” хотин-қизлар жамоасининг меҳмони бўлди. Мамлакатимизнинг ўтган мавсумдаги чемпиони ва кубоги соҳиби “Сўғдиёна-W” жорий мавсумдаги сўнги учрашувида тошкентлик дугоналарини 0:3 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Голларга жиззахлик қизлардан Анна Чеминава, Зарина Маматкаримова ҳамда Мафтуна Панжиевалар муаллифлик қилди.
Шу тариқа “Сўғдиёна-W” учун мавсум якунланди. Жиззахликлар бош мураббийи Шерали Бобоқулов шогирдлари 22 учрашувда 16 та ғалаба, 4 та дуранг, 2 бор мағлубиятга учраб, рақибалари дарвозаларига 83 та гол киритиб, ўз дарвозасидан 11 та гол қўйиб юборди ва 22 учрашувдан 52 очко жамғарди. Жамоа ҳозирча турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаб, чемпионатнинг кумуш медалига даъвогар бўлиб турибди.

Жорий йилнинг 25 ноябрида Қаршидаги 23-тур учрашувида “Севинч-W” жамоаси Тошкентнинг “Бунёдкор-W” клуби аёлларини қабул қилади. Агар ушбу ўйинда қаршиликлар мағлубиятга учрамаса, жиззахликлар иккинчи ўринни сақлаб қолади. Мабодо “Бунёдкор-W” зафар қучадиган бўлса “Сўғдиёна-W” қизлари бронза медали билан кифояланади.

22-турнинг қолган баҳсларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Бунёдкор-W” – АГМК-W (Олмалиқ) – 1:0, “Навбаҳор-W” (Наманган) – “Қизилқум-W” (Навоий) – 0:6, “Нефтчи-W” (Фарғона) – “Металлург-W” (Бекобод) – 0:4.

25 ноябрь куни бўлиб ўтадиган 23-тур ўйинлари билан аёллар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати якунига етади.
А.ҚАЮМОВ,
ЎзА