“Аёллар дафтари”га киритилган аёлларнинг барчаси ишли бўлди
Бу ҳақда Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи ўринбосари Бектош Тошқулов маълум қилди.
Таъкидланишича, вилоятдаги ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари масъул бўлган 4-секторлар ҳудудида 261 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларда 881 минг аҳоли истиқомат қилади. Сектор ҳудудидаги маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда беш мезон бўйича 11833 эҳтиёжманд оила аниқланган. Бу оилаларга ёрдам беришда асосий эътибор фуқароларнинг доимий даромадга эга бўлишларига қаратилиб, эҳтиёжманд оилаларнинг меҳнатга лаёқатли 15555 нафар аъзосининг 15491 нафари ишга жойлаштирилган.
Йил бошидан буён “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларнинг 1226 тасига 2 253 миллиард сўмлик асбоб-ускуналар берилган. Иқтисодий аҳволи яхшиланган муҳтож оилаларни босқичма-босқич “Темир дафтар”дан чиқариш бўйича “Вақтинчалик тартиб” асосида ишлар йўлга қўйилган.
Бугунги кунда, маҳаллий кенгашлар қарори билан доимий даромадга эга бўлган 10 минг 537 та оила “Темир дафтар”дан чиқарилган. “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларнинг жамиятда фаоллигини ошириш мақсадида мутлақо янги тизим яратилди. Белгилаб берилган тизим асосида сектор ҳудуди маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 213 минг 546 та оилада тўлиқ ўрганиш ўтказилди. Ушбу анкета-сўровномалар натижасида аёлларнинг муаммолари аниқланиб, 8 минг 244 нафар хотин-қиз 9 та тоифага ажратилган ҳолда “Аёллар дафтари” платформасига жойлаштирилган.
2021 йил 1 июнь ҳолатида “Аёллар дафтари”га киритилган 4472 нафар аёлларнинг барчаси иш билан таъминланган. Жумладан, уларнинг 1744 нафарини бўш иш ўринларига ишга жойлаштириш, 652 нафарини касб-ҳунарга ўқиш, 1698 нафари тадбиркорлик қилиши учун кредит ажратиш, 378 нафарининг томорқасидан фойдаланиш ҳисобига бандлиги таъминланди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА