“Аёл. Тарих. Тамаддун” номли тарихий китоб-альбомнинг тақдимоти ўтказилди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Аёл. Тарих. Тамаддун” номли тарихий китоб-альбомнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Мукаррам Нурматова мамлакатимизда хотин-қизларнинг маърифий ислоҳотлардаги фаоллигини ошириш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
“Аёл. Тарих. Тамаддун” китоб-альбомида юртпарварлик, маърифат ва эзгулик тимсоли бўлган аёллар сиймосида тамаддунларнинг давомийлиги ёрқин акс этган.
Еттита бўлимдан иборат, ўзбек ва инглиз тилида чоп этилган мазкур китоб-альбом ўқувчилар эътиборини ўзига жалб этмай қолмайди.
[gallery-26292]
Маълумотларга кўра, ушбу китоб-альбомга асосан милоддан аввалги VII асрдан бошлаб XIX асргача бўлган даврларда яшаб ўтган, манбалари етарлича ўрганилмаган тарихий аёллар, ЮНЕСКО мандатларига ҳамоҳанг бўлган Ўзбекистондаги аёллар қадамжолари ҳақидаги маълумотлар жамланган.
Китобнинг биринчи - "Авлодларни илҳомлантирувчи оналар" бўлимида аёл зоти буюкларни тарбиялаб, иқтидорини юксалтириб, ўзи ҳам буюклик намуналарига айлана олгани, аёллар илмий-маърифий ва маданий ҳаётнинг асосий ҳомийси бўлиб, дунё цивилизациясига ҳисса қўшгани очиб берилган.
Иккинчи – "Аёллар жасорати" бўлимида оналик, қаҳрамонлик, юртпарварлик тимсоли сифатидаги аёл образининг қирралари кўрсатилган.
Учинчи – "Муҳташам ўзлик" бўлимида салоҳият ва иқтидори билан давлатчиликда муҳим ўрин тутган 37 нафар аждод аёлларимиз ҳақида маълумотлар акс этган. Ушбу бўлимда массагетлар маликаси ва саркардаси, жасур аёл – Тўмарис (Томир хотун). Бухоро хонлигини 15 йил бошқарган саркарда аёл – Қабаж хотун, Амир Темурнинг рафиқаси, саройда олий йўлбошчи бўлган – Сароймулкхоним (Бибихоним), Европа либос маданиятига “турк услуби”ни олиб кирган туркий малика – Чечак, буюк шоира, давлат арбоби, Қўқон хонлигини 20 йилдан ортиқ бошқаришда фаол иштирок этган – Моҳларойим (Нодирабегим), қорақалпоқ халқ оғзаки ижодининг намояндаси – Қанимгул каби аёлларнинг кучи, заковати ва жасорати ҳақида маълумотлар келтирилган.
Тўртинчи – "Эҳтиром: аёллар қадамжолари" бўлимида Ўзбекистон заминида жойлашган аёллар номлари билан боғлиқ 19 та зиёратгоҳ, мадраса ва мақбаралар, вақфия аёллар ташаббуси ва капитали эвазига қурилган иншоотлар ҳақидаги маълумотлар акс этган.
Онаси учун мадраса, қиз фарзанди учун шаҳар қурдириш, муқаддас манзил ёки объектни она, аёл номи билан аташ тарихда камдан-кам халқларда кузатиладиган юксак фазилат экани эътироф этилган.
Маърифий тадбирда оналарга бағишланган янги китоб ҳақида батафсил маълумот берилди.
Назокат Усмонова,
Рустам Назарматов (сурат),
ЎзА