Аёл менталитет қурбони бўлмасин!
Аёл– ожиза, бироқ кучли,
Аёл– заифа, аммо иродали!
Сўнгги вақтларда хотин-қизлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сони ортди. Хусусан, 12 ёшли Муслима, қолаверса, Хоразм вилоятида оилавий меҳрибонлик уйининг вояга етмаган уч нафар қизи мансабдор шахслар томонидан зўрлангани айтилган бўлса, орадан икки кун ўтмай 17 ёшли қиз бир неча эркак томонидан зўрлангани ҳақидаги мудҳиш хабарлар тарқалди. Бир ҳафта ўтар-ўтмас 27 ёшли аёл 3 боласи билан 9-қаватдан ўзини ташлаб, ўзи ва фарзандлари жонига қасд қилди. Бироз ўтмай Қўқон давлат педагогика институти ётоқхонасида қизларнинг хонасига яширин камера ўрнатилгани аниқланди.
Бугун фарзандининг келажаги, айниқса, қизларининг тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ота-онанинг кўнглида хавотир. Ижтимоий тармоқларда кунда-кунора тарқалаётган бу каби зўравонликлар жамиятнинг оғриқ нуқтасига айланиб улгурди.
Таҳлилларга кўра, оилаларда, асосан, эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар юзага келаётгани аниқланган. Қайнона ва бошқа оила аъзолари билан боғлиқ тушунмовчиликлар эса нисбатан кам. Ўтган уч ой мобайнида ҳуқуқ-тартибот идораларига зўравонликка учраган аёллар томонидан 11 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Қизларни эрта турмушга бериш, йигитларни ҳали оила масъулиятини ҳис қилмай туриб уйлантириш оқибатида ўтган вақт мобайнида ажримлар сони ҳам кескин ошиб кетди. 2021 йилда ажримлар 39 минг 227 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб, 48 минг 734 тага етган. Бу кўрсаткич 1 йил ичида ажралиш ҳолати 24 фоизга ошганидан далолат беради.
Бир қатор қонунчилик ҳужжатларида хотин-қизларни ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш борасида талай вазифалар белгиланган, аммо шунга қарамай зўравонликлар ортиб бораётганлиги кишини хавотирга солади.
Жамиятимизда бундай ҳолатлар кўпайиб кетишига асосий сабаб нима? Эл орасида ушбу иллатларнинг чуқур илдиз отмаслиги учун қандай зарурий чоралар кўриш керак?
Мавзу юзасидан бу каби кўнгилсизликларга бефарқ бўлмаган юртдошларимиз ҳамда жамоат фаолларига юзландик.
Машҳура Мусамуҳаммедова, Яккасарой тумани “Абдулла Қаҳҳор” МФЙ фаоли:
– Жамиятимизда зўравонликларнинг кўпайишига тарбиянинг саёзлиги, оиладаги муҳитнинг нотинчлиги, бир-бирига бўлган меҳрнинг йўқлиги, ўзидан бошқа одамни ўйламаслиги, ёш болаларнинг беқаров қолиши сабаб бўлаяпти, деб ўйлайман. Ота-оналар фарзанди учун меҳнат қилаётган вақтда, болалар уйда ёлғиз қолаяпти, мобиль телефонда бўлар-бўлмас видеолар, ҳар хил ахлоқбузар нарсалар кўриб вақт ўтказаётгани туфайли касб танлашда, ўз ўрнини топишда қийналяпти.
Бунинг учун, ота-она боласини ёшлигидан бошлаб тарбиясига бефарқ бўлмай, меҳр-оқибатли қилиб ўстириши керак. Ҳаёти давомида қийинчиликларга учраганда сабр билан енгиб ўтиш кераклигини уқтириши зарур. Ваҳоланки, 70 фоиз ёшлар телефон орқали турли хил нарсаларни кўриши оқибатида меҳр ўрнига нафрат, қаҳр туйғулари уйғоняпти. Қизларни эрта турмушга беришаётгани сабабли оила масъулиятини тўлиқ ҳис қилмаган ёш оналар тарбия беришда қийналмоқда. Бобо ва бувилар набираларига панд-насиҳат бериб, болалигидан оила, ор-номус тушунчасини сингдириб, дунёвий ҳам диний билим берса, бундай ҳолатлар камаяди.
Ота-оналар, оиладаги катталар фарзандига ҳар тарафлама ўрнак бўлиши керак. Чунки тарбия оиладан бошланади. Бола ёшлигида олган тарбиясини умрининг охиригача ёдида тутади. Барча нарсада оиладига муҳитнинг ўрни катта. Қизларни ҳам йигитларни ҳам турмушга тайёрлаш керак. Ёш турмуш қураётганларда ажралиш сони жуда кўп. Чунки оилада эрка бўлиб ўсган қиз бировнинг уйига борганда сабр қилмагани учун, йигитларда эса оила масъулиятининг йўқлиги ёки жуда камлиги учун яқин икки йилда ажримлар сони ошиб кетди. Ўйлаб қарасангиз, қайнона билан келин ўртасидаги жанжал арзимаган нарсадан келиб чиқади, лекин оқибати, натижаси катта. Ўқитувчилик вақтимда ҳам талабаларимнинг оиласига борганмиз. Муаммони ўрганиб, ёш оилаларнинг бузилиб кетмаслигига ҳаракат қилганмиз. Бу каби ҳолатлар инсонларда иймоннинг сустлашаётганидан далолат. Бунинг учун бутун жамият курашиши керак. Аёл қул эмас, кимнингдур хўрлаши учун дунёга келмаган. У оила бекаси, етук фарзандларнинг онаси бўлиши зарур ва ҳар бир инсон шундай нигоҳ билан қараши лозим!
Ризо Аҳмад, филология фанлар доктори, профессор, ёзувчи:
– Охирги вақтларда бўлаётган воқеаларни кўриб, аввал ҳам шундаймиди, деб кўп ўйлаб қоламан. Йўқ, деб ортидан жавобини ҳам айтаман. Чунки, бизнинг пайтда, кимнидир чин дилдан севса, бармоғини ҳам теккиза олмас эди. Орият деган туйғу кучли эди. Ҳозир ундай эмас, айниқса йигитларда тарбия масаласи оқсаётгандек. Ота-оналар фарзандларини жуда эркин, бўш қўйяпти, шунинг учун улар истаган ишини қилаяпти. Онага, аёлга паст назар билан қарамаслик керак. Аёл кишининг ёнида сўкиниб бўлмайди. Лекин йигитларга фарқи йўқ. Ёнида сўкинмаслик тугул аёлларни сўкиб турибти. Мен кўча-куйда юрганимда одамларни кузатаман. Ота-онага, атрофдаги одамларга нисбатан меҳр уйғотиш керак. Масалан, фарзандлар ота-онасини кўришга боради ана ўша вақт боласи ҳам ёнида бўлиши керак. Нон, олма, ширинлик олиб кетаётганини, онаси егиси келган нарсани олиб бораётганини кўрсин, ёшлигидан кўникма ҳосил бўлсин. Тарбияни мана шундай бериш керак. Кейин “Бир болага етти маҳалла ота-она” – деган нақлни эсдан чиқармаслик лозим. Ёшларнинг тарбиясига маҳалла, масъул ходимлар ҳам бефарқ бўлмасагина бу каби кўнгилсиз воқеалар бўлмайди.
Зебо Фазлиддинова, Турк тили фан ўқитувчиси:
– Мен Туркияда ўқиб, ишлаётган вақтларда зўравонликлар ҳақида эшитганман. Чет элда ҳам бахтсиз ҳодисалар учраб туради. Туркияда зўравонлик ҳолатлари кўп бўлгани билан чора-тадбир ҳам шунга яраша. Хотин-қизлар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олади ва ҳаттоки, уяли телефонларга махсус илова ўрнатилган. Хавф-хатарни сезишингиз билан ана шу илова орқали хабар берсангиз ички ишлар ходимлари дарров етиб келади. Интернет ривожлангандан буён, зўравонликка доир воқеалар ҳам медиада ёритила бошлади ва ҳамма биргаликда курашиб, биргаликда ҳаракат қилиб, аёлларнинг ҳуқуқи топталишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистонда ҳам интернет анча ривожлангани сабабли яширишнинг иложи бўлмай қолди. Ўзбекларга миллатни уйғотувчи Чўлпон, Фурқатлар яна керак…
Феруза Омонбоева, ЎзЖОКУ интернет журналистика ва медиа менежмент факультети талабаси:
– Хотин-қизларга зўравонлик олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Шунчаки олдин интернет унчалик ривожланмагани ҳисобига хабарлар тез тарқалмаган. Зўравонлик кўпчилик ҳолларда оилада кузатиляпти. Оиладаги муҳит, тарбия, аёлларнинг оиладаги ўрни пастлиги бунга сабаб, деб ўйлайман. Мисол учун, оилада онанинг ўрни бўлса, ўғил фарзанд онасини ҳурмат қилиб, яхши кўриб вояга етса, бошқа аёлларни ҳам шундай ҳурмат қилади. Аёл қадрланган, ҳурмат қилинган муҳитда уларга нисбатан зўравонлик бўлмайди, жамиятда ҳам бу каби иллатлар камаяди.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш баробарида аёлларга хизматкор нигоҳи билан эмас, келажак авлодни тарбиялайдиган она сифатида қаралса, қизларнинг таълим олишига тўсқинлик қилмай ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила оладиган, ўзига ишонган руҳда улғайтириш юқоридаги турли хил кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинишига сабаб бўлади.
Бир уйнинг бекаси бўладиган, Ватанимизга олим ва олималарни етиштириб берадиган қизингизни илм олиш бахтидан маҳрум қилманг. Доноларимиз: “Ўғил боланинг илм олиши – бир кишига, қиз боланинг ўқитилиши эса бутун жамиятга таълим бериш билан тенг” – деб бежизга айтишмаган.
Гулшаной АЛИЖОНОВА,
ЎзЖОКУ талабаси