Аёл арзини шунчаки тинглаб бўлмайди
Бу ҳаётда инсон турли синовларга дуч келиши мумкин. Кимдир ишсизликдан, яна кимдир эса аниқ даромад манбаи тополмасдан ёки бошқа масалада қийин вазиятга тушиб қолади.
Афсуски, улар орасида кўплаб хотин-қизлар ҳам бор. Бугунги кунда уларнинг муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал қилиш мақсадида “Аёллар дафтари” жорий этилгани минглаб хотин-қизларни ҳаётдан рози қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фарғона вилоятида мазкур дафтарга 9 та мезон асосида 47 минг 554 нафар хотин-қиз киритилиб, электрон база шакллантирилди. Айни кунларда уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, бу хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ҳам тизимли йўлга қўйилди.
Вилоятда фаолият юритаётган судьяларнинг бир гуруҳи томонидан Ёзёвон туманида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди.
Қабул давомида жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг раиси Р.Арапов, фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг судьяси Х.Ҳакимов, Марғилон туманлараро иқтисодий судининг раиси А.Акбаров мурожаат қилган 29 нафар аёлга ўйлантираётган масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берди. Мурожаатларнинг аксариятини мерос, алимент ундириш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби кабилар ташкил қилди.
– 3-4 йил аввал ўзимиз арз қилиб борсак ҳам арзимиз эшитилмас, эшитилса ҳам шунчаки эди, – дейди “Аёллар дафтари”да турувчи, 2-гуруҳ ногирони Ф.Болқонованинг онаси Тиллахон Буваева. – Бугун раҳбарлар, судьялар ўзи бориб аёл арзини тингламоқда ва унга кўмаклашмоқда. Мен бугунги қабул давомида давлатнинг халқчил сиёсатини юрагимдан ҳис қилдим.
М. Сулаймонов, ЎзА