Аёллар ва ёшлар жиноятчилиги камаймоқда
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти, туман ва шаҳар судлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 3 минг 921 нафар шахсга нисбатан 2 минг 830 та жиноят иши кўриб чиқилди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти, туман ва шаҳар судлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 3 минг 921 нафар шахсга нисбатан 2 минг 830 та жиноят иши кўриб чиқилди.
3 минг 237 нафар шахсга нисбатан 2 минг 217 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилиб, 580 нафар шахсга нисбатан 545 та жиноят иши тугатилди. Шунингдек, 54 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми ва ажрим чиқарилди.
Маҳалла, Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси жамоатчилик ташкилотлари вакилларининг кафиллик хатлари асосида 133 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.
Судланувчи шахсларнинг 398 нафарини аёллар ташкил қилиб, улар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,5 фоизга камайган. Ўз навбатида судланувчиларнинг 39,1 фоизини ёшлар ташкил этгани ҳолда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,1 фоизга камайган.
Тошкент вилояти Жиноят, Фуқаролик, Маъмурий ва Иқтисодий судлари ҳамкорлигида жорий йил 9 ойи якунларига бағишлаб ўтказилган навбатдаги брифингда шу ҳақда маълум қилинди.
Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказилиши белгиланган эди.
Мазкур фармон ижроси юзасидан ташкил этилган навбатдаги анжуманда вилоят, туман ва шаҳар судлари раислари, кенг жамоатчилик вакиллари ва омммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Унда вилоят судлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
– Шу даврда 15 минг 225 та фуқаролик иши кўриб, тамомланди, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Олимжон Исмоилов. – Улардан 12 минг 603 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, 10 минг 881 та даъво қаноатлантирилди. Шунингдек, даъвогар талабидан воз кечганлиги, тарафлар келишув битимини тузганлиги, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар эр-хотин ярашганлиги каби сабаблар билан 750 та иш тугатилди. Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга камайган.
Вилоят ва туманлараро Иқтисодий судлари томонидан судларга келиб тушган 13 минг 678 та ариза ва даъво аризасининг 10 минг 522 таси мазмунан кўриб чиқилиб, 8 минг 952 та даъво аризаси қаноатлантирилган. 1 минг 10 таси рад қилингани ҳолда 434 та даъво кўрмасдан қолдирилиб, 126 та даъво бўйича иш юритиш тугатилган.
Ҳал этилган ишлар бўйича 1 триллион 501 миллиард 881 миллион 410 минг сўм микдоридаги қарз ва етказилган моддий зарарларни даъвогарлар фойдасига ундириш юзасидан қарорлар қабул қилинган.
Суд қарорига асосан ундирилиши белгиланган давлат божлари миқдори шу даврда қарийб 132 миллиард 187 миллион сўмни, ихтиёрий тўланган давлат божлари миқдори эса 1 миллиард 478 миллион сўмдан ортиқни ташкил этган.
Судьялар томонидан иқтисодий низоларни кўриш жараёнида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 226 та суд таъсир чоралари қўлланилган. Хусусан, 41 нафар шахс маъмурий, 100 нафар шахс моддий жавобгарликка тортилган. Интизомий чора қўллаш ҳақида 56 та, бошқа қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳақида 29 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишли идораларга юборилган.
Вилоят, туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан шу даврда 31 минг 37 нафар шахсга нисбатан 26 минг 90 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар биринчи босқичда кўриб тамомланган. Кўриб тамомланган ишлар бўйича 14 минг 628 нафар шахсга нисбатан 13,2 миллиард сўмлик жарима, 281 нафар шахсга нисбатан махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 2 минг 438 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ, 88 нафар шахсни республика ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш жазоси тайинланган.