Аёллар бандлиги – муҳим масала
Соғлом бола йилида иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида Сурхондарё вилоятида хотин-қизлар учун 28 минг 175 янги иш ўрни ташкил этилди.
Соғлом бола йилида иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида Сурхондарё вилоятида хотин-қизлар учун 28 минг 175 янги иш ўрни ташкил этилди.Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
– Янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш ва кенгайтириш ҳисобига мингдан зиёд хотин-қиз иш билан таъминланди, – дейди вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи А.Хўжақулов. – Кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этиш, сервис ва хизмат кўрсатиш, касаначилик соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам хотин-қизларни иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жарқўрғон туманида ташкил этилган “Tela textile” Ўзбекистон-Болгария қўшма корхонасида 73, “Шўрчипахта” акциядорлик жамиятида 63, Термиз шаҳридаги “Камозул-Сайдил” масъулияти чекланган жамиятида 38, Денов туманидаги “Чеҳра” хусусий корхонасида 23 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. “Узунпахта”, “Сурхондарёдонмаҳсулотлари”, “Турон” акциядорлик жамиятлари, “Интер силк про” қўшма корхонаси ва “Хўжаиконтуз” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилган янги иш ўринларига 110 дан ортиқ хотин-қиз қабул қилинди.
Вилоятда енгил ва озиқ-овқат саноати, сервис ва хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Хусусий секторда ана шу соҳада фаолият юритаётган ишбилармон аёллар молия муассасалари томонидан қўллаб-қувватланиб, уларга имтиёзли кредит маблағлари ажратилаётгани ҳам янги иш ўринлари яратишда қўл келмоқда.
– Термиз иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битириб, тикувчиликни йўлга қўйдим, – дейди ёш тадбиркор Маҳбуба Қаршиева. – “Микрокредитбанк” Термиз шаҳар бўлимидан олинган кредит маблағи иш бошлашимда катта кўмак бўлди. Айни пайтда замонавий дастгоҳлар ёрдамида хотин-қизлар, болалар учун бежирим кийим-кечаклар, буюртма асосида ранг-баранг дарпардалар тайёрламоқдамиз. Биз, ёшларга кўрсатилаётган бундай улкан эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.
Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси мутасаддиларининг таъкидлашича, жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 236 нафар тадбиркор аёлга 40 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағи ажратилган. Ана шу маблағнинг 3 миллиард 179 миллион сўми “Микрокредитбанк” сармоясидир.
– Хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Қобулова. – Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида маҳаллаларда иш билан таъминланмаган аёллар билан суҳбатлар ўтказилмоқда. Тикувчилик-бичувчиликка қизиқиши бўлган, лекин имконияти етмай турган хотин-қизлар учун барча туманлар ва Термиз шаҳрида камида юзтадан замонавий тикув дастгоҳини ўрнатиш манзилли дастури ишлаб чиқилган. Йилнинг ўтган даврида 850 дан ортиқ замонавий тикиш-бичиш дастгоҳи келтириб ўрнатилди. Натижада 900 га яқин опа-сингилларимиз ишли бўлди.
Вилоятда иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар хотин-қизларга иш ўринлари яратиш билан бирга ички бозорни сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш имконини бераётир. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, дастурда белгиланган вазифаларга юзаки қараётганлар ҳам учраб турибди. Жумладан, Денов туманида учта, Қизириқ туманида ўнта лойиҳадан бирортаси, Музработ, Қумқўрғон, Узун туманларида эса бештадан лойиҳа амалга оширилмагани айрим мутасаддиларнинг ушбу муҳим масалага эътиборсизлигидан далолат беради.