Аёлга эътибор – жамиятга эътибор
Мушкул аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга кўмак кўрсатиш, оғирини енгил қилиш ишчи гуруҳ фаолиятининг диққат марказида бўлди.
Президентимиз топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси раҳбарлигида ташкил этилган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида бўлди. Хусусан, Тошлоқ туманида аёллар муаммолари, кундалик ташвишлари ва ўй-муаммоларини ўрганиш борасида салмоқли амалий ишларга қадам қўйилди.
Мушкул аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга кўмак кўрсатиш, оғирини енгил қилиш ишчи гуруҳ фаолиятининг диққат марказида бўлди. Аввало, уларни доимий иш билан таъминлаш бўйича пухта режалар ишлаб чиқилди. Туман ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган учрашувда шулар ҳақида сўз юритилар экан, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов бугун мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласи доимий эътиборда эканлигини мамнуният билан қайд этди. Ишбилармон аёлларнинг эзгу интилишлари ҳам эътибордан четда қолмагани аён бўлди. Мисол учун, Тошлоқ туманида 4 нафар тадбиркорга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 500 миллион сўмдан фоизсиз кредит ажратилди. Туманнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланган Қалъача қишлоғида бир неча аёлга ер ажратилиб,Федерация маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олишларида кўмаклашилди. Қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила бекаларига Федерация томонидан маиший техника жиҳозлари, тикув машиналари, саломатликларини тиклаш учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.


