Аёл қўли теккан тикон гулга айланади
Оддий қишлоқ оиласида вояга етган Маҳфузахон ёшлигидан меҳнат билан ўсди.
Оддий қишлоқ оиласида вояга етган Маҳфузахон ёшлигидан меҳнат билан ўсди. Ерга меҳр унга ота-онасидан ўтган. У мактаб, сўнг техникумни тамомлагач, халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилди, тажриба орттирди. 2006 йилдан эса фемер хўжалиги ташкил этиб, мустақил иш бошлади.
Бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши, илм-фан, тадбиркорлик, умуман, барча соҳаларда ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилган. Ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, юксак марраларга эришаётган опа-сингилларимиз сафи эса йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Асака туманидаги “Кужгон олтин даласи” фермер хўжалиги раҳбари Маҳфузахон Аҳмедова ҳам кўплаб ютуқларга эришаётган замондошларимиздан бири. У раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги 2006 йилда ташкил этилган. Дастлабки йилларда хўжаликда фақат пахта ва ғалла етиштирилган. Кейинчалик хўжалик кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирилди. Бугунги кунга келиб хўжаликда ғалла етиштириш, чорвачилик, сабзавотчилик, боғдорчилик йўналишларида иш олиб борилади. Айниқса, боғдорчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Деҳқон учун ердан қадрли ва бебаҳо неъмат йўқ, – дейди фермер Маҳфузахон Аҳмедова. – Унинг калити эса ҳақиқий ер эгасининг қўлида. Шу маънода ер соҳиби шундай бўлиши керакки, ундан ўзи ҳам, жамият ҳам манфаат кўрсин.
Ҳозирда хўжалигимиз 65 гектар ер майдонда деҳқончилик қилади. Шундан 15 гектарида интенсив боғ барпо этилган. Боғдан юқори ҳосил олишга эришяпмиз. Ўтган йили 30 тонна олмани музлаткичда сақлаб, қиш ойларида дўкон ва бозорларга етказиб бердик. Боғнинг ўзидан ўртача 95 – 100 миллион сўм фойда олдик.
Фермер жорий йилда 21,4 гектар майдонда интенсив гилос боғи яратиш ҳаракатида. Халқ банкининг Асака тумани бўлимидан 500 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиш учун ҳужжатлар тақдим этган. Кредит масаласи ҳал бўлса, Испания давлатидан гилоснинг пакана бўйли серҳосил навлари кўчатларини олиб келиб, экишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Фермер хўжалигида 30 нафардан ортиқ киши меҳнат қилади. Улар ҳам меҳнатларига яраша даромад олмоқда. Топаётган даромадлари ортидан янги уйлар қуряпти, тўйлар қиляпти. Манфаатдорлик яхши бўлганидан сўнг, ишлар самараси, шижоат ҳам шунга яраша юқори бўлмоқда.
Ўтган йили Маҳфузахон Аҳмедова “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб чиқиб, мамлакат босқичида муваффақиятли иштирок этди. Жорий йилда бўлиб ўтган сайловларда эса сайловчилар ишончини қозониб, халқ депутатлари туман кенгашига депутат этиб сайланди.
– Президентимиз халқимизга кенг имкониятлар эшигини очиб берди, – дейди фермер. – Айниқса, тадбиркорлик қиламан, янги иш ўринлари яратаман, деган одамга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Уни ҳамма, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Яратилган ана шу имкониятлар мен каби тадбиркорларга қанот бағишламоқда.
Айни кунда қолипли ва обинон ишлаб чиқариш цехимиз ишлаб турибди. Жорий йилда Кужгон, Қайрағочариқ маҳаллаларида 50 ўринли уй боғчалар ташкил этишни режалаштиряпмиз. Бу билан туманимизнинг чекка маҳаллаларида болаларнинг мактабгача таълимга қамрови ортади, қолаверса, 10 яқин янги иш ўрни яратилади.
Халқимиз “Аёл кишининг қадами теккан саҳро бўстонга, қўли теккан тикон гулга айланади” деган ибратли гапни бежиз айтмаган. Зеро, фарзандлар тарбияси, оила, рўзғор ташвишларидан ортиб, зукколик, тежамкорлик, ишбилармонлик ила меҳнат қилаётган аёлларимиз рўзғорга барака, ҳаётимизга кўрк бўлаётгани айни ҳақиқатдир.
– Фермер бўлиб, тадбиркорлик қилиб кам бўлмадим, – дея сўзини давом эттиради қаҳрамонимиз. – Эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топдим. Оилам тинч, топаётган даромадим ёмон эмас. Энг асосийси, одамларга, юртимга фойдам тегяпти. Фарзандларимни ўқитиб, вояга етказдим, уларнинг кўрки, камолидан куч оламан, қувонаман. Аёл киши, айниқса, ўзбек аёли учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.