Ахсикент водий туризм пойтахтига айланмоқда
Айни пайтда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида жойлашган Ахсикент археология мероси объекти асосида Ахсикент туризм кластерини ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Маҳаллий ва хорижий экспертлар билан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Бундан тўрт йил бурун Ахсикент ёдгорлигига Президент ташрифидан сўнг, ушбу объектни туризм марказига айлантириш бўйича амалий ишлар бошланган эди.
Ўрганишлар натижасида Ахсикент нафақат тарихий обида, балки ўзида 15 хил туризм маҳсулотини таклиф этадиган марказ бўлиш имкониятига эга, деган хулосага келинди. Тарихни севадиганлар учун археологик топилмалар, очиқ осмон остидаги музейлар мажмуаси, Сирдарё балиқлари ресторанлар тармоғи, Водий ноёб қўлёзмалар кутубхонаси, зиёрат туризми объектлари, Чуст пичоғи, қиличлари устахоналари, Қўқон ипак қоғози маркази, Ахси кулолчилик устахоналари, Этно-мода маркази, камончилик, чавандозлик ва бошқа миллий ўйинларни ўз ичига олувчи этно-спорт марказларини ташкил этиш шулар жумласидандир.
Замонавий сайёҳларнинг барчаси смартфондан фойдаланишини ҳисобга олиб, Олий таълим фан ва инновациялар, ҳамда Рақамли технологиялар вазирликлари билан ҳамкорликда туризм мобил иловалари яратилади.
Шуни таъкидлаш керакки,«Ахсикент» ёдгорлик мажмуасидаги ишлар сўнгги беш йилда изчил ривожланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги қарори билан «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси ташкил этилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги 2018 йил баҳоридан Ўзбекистон Фанлар академиясининг бир гуруҳ археологларини узлуксиз тадқиқотлар олиб бориш учун таклиф қилди.
2018 йилнинг охири, 2019 йилнинг бошларида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ахсикент ёдгорлигининг битта объектида (VIII) Ўзбекистонда биринчи бўлиб «Очиқ осмон остида музей» ташкил қилинди.
2019 йилнинг 28 февраль куни Президент Ахсикентга ташриф буюриб, қилинаётган ишларни маъқуллади ва янги кўрсатмалар берди. Шу асосда тадқиқотлар олиб борилиб, 5 та янги объект (VIIIА, XI, XVIII, XIX, XXIV) «Очиқ осмон остидаги музей»га тайёрланди ва фундаментал тадқиқотлар доирасида муҳим кашфиётлар қилинди.
Хусусан, биринчи шаҳристон ҳудудидаги XI ва XVIII объектларда Қорахонийлар даврига оид бой-бадавлат оилаларга тегишли маҳобатли турар жой қолдиқлари очилди.
Ушбу объектларда Фарғона водийсида биринчи бўлиб XI–XII асрларга мансуб деворий расмлар топилди. Шарқий рабод ҳудудидаги XXIV объектда Қорахонийлар даврига оид пишиқ ғиштлардан қурилган маҳобатли турар жой қолдиқлари топиб, ўрганилди. Ҳатто бинонинг тагхоналари ҳам майда пишиқ ғиштлар ёрдамида геометрик шакллар билан безалган экан.
Айни пайтда бешта объектни очиқ осмон остидаги музейга айлантириш ишлари амалга оширилмоқда. У минтақанинг ўзига хос Регистони бўлади, деган эди Президент Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифида.
Қадимги Фарғона давлатининг пойтахти милоддан аввалги III-II асрлардан то милодий эранинг IX асри ўрталаригача Фарғона (хитойча "юань"), милодий эранинг IX асрининг ўрталаридан XI асрнинг ўрталаригача манбаларда Ахсикат, нумизматик материалларда эса Фарғона-Ахсикат, XI асрнинг иккинчи ярмидан мўғуллар босқинигача Ахсикат, Умаршайх Мирзо ва Бобур Мирзо даврида Ахси, баъзида Ахсикент деб, аталган.
Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари Самарқанд, Термиз, Урганч, Қарши, Шаҳрисабз ва Қува сингари Ахсикат ҳам мўғуллар босқинидан кейин ўз жойини ўзгартирган, яъни Шимолий ғарб томонга силжиган.
Лекин жойини ўзгартиргани билан Ахсикат бошқа шаҳарга айланиб қолмаган, у Ахсикат шаҳри сифатида қолган. Ахсикат мўғуллар босқини ва XIII асрнинг иккинчи ярмидаги Мовароуннаҳрда юз берган мўғулларга қарши норозиликларнинг бостирилиши даврида буткул вайрон этилган.
Буларни тасдиқловчи археологик далиллар мавжуд. Хусусан, Эски Ахси ёдгорлигининг 2 та объектида (XI, XVIII) очилган Қорахонийлар даврига оид деворий расмлар билан безатилган маҳобатли турар жойлар мўғуллар даврида вайрон этилгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ушбу биноларнинг қисман пойдеворлари, ёниб улгурмаган ёғочлари ва деворий расмларга эга қатлам-қатлам сувоқ уюмлари сақланиб қолган, холос.
Қазишмалар даврида XI-XII асрларга оид тангалар ва XII асрнинг охири - XIII асрнинг биринчи чорагига тааллуқли сопол идишлар топилди. 2019 йил Ахсикатнинг рабод қисмидаги XXIV объектда ҳам Қорахонийлар даврига мансуб маҳобатли турар жой қолдиқлари топилди.
Бинонинг асосий қисмидан уюм-уюм пишиқ ғиштлар қолган. Лекин пишиқ ғиштлардан қурилган тагхоналари яхши сақланган. Шуни таъкидлаш жоизки, Эски Ахси ёдгорлиги ҳудудида олиб борилган қазишмалар даврида бирон бир жойда Темурийлар даврига оид архитектура қолдиқлари топилмади. Бундай топилмалар 1980 йилларда Якка Йигит қишлоғи ҳудудида сақланиб қолган Янги Ахси ёдгорлигида олиб борилган тадқиқотларда қўлга киритилган. Демак, Эски Ахси ва Янги Ахси топонимлари битта Ахсикат шаҳрининг турли даврларга оид харобаларига маҳаллий халқ томонидан берилган номлардир.
2023 йилда Ўзбекистон Фанлар Академияси Миллий археология маркази археологлари ҳар икки манзилда қазишма ишларини олиб боради.
Бу манзиллар тарихий ва зиёрат туризмини янада ривожлантиришда, Наманганга сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Анвар ИКРОМ,
Ахсикент археология мероси объектини
муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси директори