Ахборот соҳасида тажриба алмашиш – давр талаби
Тошкент шаҳри мезбонлик қилган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар вазирлик ва идоралари матбуот котибларининг “Ахборот хизматлари – 2024: миллий ва хорижий тажриба” мавзуcидаги қўшма ўқув-семинари иштирокчилари 30 май куни Самарқанд шаҳрида бўлди.
Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда юртимиздаги давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган матбуот котиблари Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати мисолида мамлакатимиздаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ахборот хизматлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Таъкидландики, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори оммавий ахборот воситаларининг фаолияти учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мазкур ҳужжат натижасида ахборот хизматлари ҳам аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, вазифалари ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш воситаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамият ўртасида ҳақиқий ишончли кўприкка айланди. Матбуот котиблари мақоми оширилиб, ахборот хизматларининг кадрлар ва моддий-техник таъминоти мустаҳкамланди.
[gallery-17628]
– Президентимиз қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилди, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Манучеҳр Мирзаев. – Ижодий ва техник ходимлардан иборат ахборот хизмати жамоаси шакллантирилди. Энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар ва техникалар сотиб олинди. Айни пайтда ахборот хизматида саккизта видеокамера, олтита профессионал видеомонтаж компьютери, дрон, турли ўлчамдаги объективлар ва барқарор тасвирларни таъминловчи ускуналар мавжуд. Шунингдек, вилоятнинг турли ҳудудларидан воқеа-ҳодисаларни жонли тарзда онлайн трансляция қилиш имконияти яратилган. Жамоамиз ҳозир бир неча тилларда кунига учтадан ўнтагача материал, жумладан, видео ва фоторепортажлар тайёрламоқда. Барча ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда саҳифалар ташкил этилган. 2022 йилдан буён ўзбек ва рус тилларида “Самарқанд ҳафта ичида: ахборот хизматлари хабар беради” деб номланган ахборот-таҳлилий кўрсатув намойиш этилмоқда.
Бугунги кунда вилоятдаги 1520 та ташкилотда медиа макон ва блогосферадаги вазият учун маъсуллар бириктирилган. 1044 корхонада матбуот котиби штати мавжуд. 476 та корхонада эса матбуот хизмати бирор бир ходимга бириктирилган ва бунинг учун унинг иш ҳақига 50 фоизгача устама берилади.
– Ҳозирги ахборот асрида давлат органлари ва жамоатчилик ўртасида яқинликни таъминлашда ахборот хизматларининг ўрни жуда катта, – дейди Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги Ахборот қўмитаси жамоатчилик билан алоқаларни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Акшолпан Марат. – Одамлар давлат бошқаруви идоралари фаолиятидан хабардор бўлишни, ҳар бир воқеа-ҳодисага тезкор муносабат билдирилишини хоҳлайди. Ахборот хизматлари айнан шу вазифани бажаришда энг қулай платформадир. Ўқув -семинар давомида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлардаги ҳамкасбларимиз фаолияти билан, жумладан, Ўзбекистондаги ахборот хизматлари иши билан яқиндан танишдик. Ўзаро фикр алмашувлар барчамиз учун фойдали бўлди, глобал аҳамиятдаги долзарб масалалар юзасидан қарашларимизни билдирдик.
Меҳмонлар Самарқанддаги муқаддас қадамжолар, тарихий-маданий ёдгорликларни зиёрат қилди. Самарқанд вилоятидаги ҳокимликлар ахборот хизматлари масъуллари билан фикр алмашди.
– Биз – Туркий давлатлар ташкилотига аъзо қардош мамлакатлар ахборот хизматлари бир-биримизнинг фаолиятимиз билан танишиб, тажриба алмашишимиз жуда фойдали бўлмоқда, – дейди Озарбайжондаги “Осон” хизмати ахборот хизмати раҳбари Элнур Нифталиев. – Кўп нарсаларни ўрганяпмиз, яхши тажрибаларни оммалаштирамиз. Ўқув- семинар давомида эса Самарқандда юртингиздаги давлат органлари ахборот хизматлари ишидан яқиндан хабардор бўлдик. Яна бир эътиборли томони, Самарқанддаги тарихий обидаларни томоша қилиш имконияти яратилганидан жуда хурсандмиз.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари