Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ахборот ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва баҳолар бериб борилмоқда. Бу жараён нафақат чет эл медиа вакиллари нуқтаи назарини, балки ўлкамиз ҳақидаги ҳаққоний ташқи қарашларни ҳам умумлаштиради. Шу тариқа мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, очиқ сиёсати ва ислоҳотлари халқаро ахборот маконида қандай таҳлил қилинаётгани ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
“БелТА”: Беларусь ва Ўзбекистон: тарихий дўстлик XXI асрнинг технологик шериклигига айланмоқда

Беларусь Республикасининг “БелТА” ахборот агентлиги қайд этишича, Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар тарихий дўстликка таяниб, бугунги кунда замонавий технологик ва саноат ҳамкорлиги босқичига кўтарилмоқда. Муаллиф ёзишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8–9 июль кунлари ушбу ўлкага амалга ошираётган расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликка янги суръат бағишлаши кутилмоқда.
Таъкидланишича, Беларусь ва Ўзбекистонни Иккинчи жаҳон уруши йилларида шаклланган тарихий ришталар, ўзаро ишонч ва сиёсий мулоқот бирлаштириб туради. Бугун бу ҳамкорлик савдо муносабатларидан ташқари, қўшма ишлаб чиқариш, саноат кооперацияси, инвестициялар, рақамли технологиялар, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва туризм каби соҳаларни қамраб олган.
Агентлик маълумотларига кўра, сўнгги ўн йил ичида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 13 баробар, хизматлар савдоси эса 30 баробар ошган. 2025 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 855 миллион долларни ташкил этган бўлиб, томонлар яқин йилларда бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистон Беларусь учун Марказий Осиё ва Афғонистон бозорларига чиқишда муҳим ҳамкор сифатида баҳоланган, Беларусь эса Ўзбекистонга муҳандислик ечимлари, саноат технологиялари ва юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқариш тажрибасини таклиф этаётгани таъкидланган.
“Anadolu”: Ўзбекистонда Халқаро ислом цивилизацияси форуми бўлиб ўтмоқда

Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлиги маълум қилишича, Тошкент шаҳрида “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли анжуман очилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилди. Давлат раҳбари бугунги дунё можаролар, экстремизм, муросасизлик ва исломофобия каби жиддий таҳдидларга дуч келаётганини таъкидлаб, бундай муаммоларга қарши энг самарали йўл илм-фан, таълим, маданият ва юксак маънавий қадриятлар эканини қайд этган.
Мақола муаллифи ёзишича, Президент Мирзиёев 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурилган “Жаҳолатга қарши – маърифат” ташаббуси бугун ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолаётганини таъкидлаган. Шунингдек, Марказий Осиё инсоният цивилизациясига улкан ҳисса қўшган алломалар юрти экани, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк зотлар мероси бутун инсониятнинг умумий бойлиги экани алоҳида тилга олинган.
Умуман олганда, нашр Тошкентда бошланган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми Ўзбекистоннинг бой маънавий-илмий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этиш, бағрикенглик, маърифат ва динлараро мулоқот ғояларини илгари суришда муҳим платформа сифатида баҳолаган. Шунингдек, “Anadolu” мазкур форум Янги Ўзбекистоннинг маънавий меросни асраб-авайлаш ва уни глобал миқёсда тарғиб этишга қаратилган очиқ сиёсатининг амалий ифодаси эканини таъкидлаган.
“Yonhap”: Ўзбекистон – Грузия ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда – савдо, логистика ва инвестиция йўналишларида кенг имкониятлар

Жанубий Кореянинг “Yonhap” ахборот агентлиги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга амалга оширган давлат ташрифи ҳақида таҳлилий мақола эълон қилди.
Хабарга кўра, мазкур ташриф Ўзбекистон етакчисининг Грузияга сўнгги 23 йилдаги илк давлат ташрифи бўлиб, у Грузия Бош вазирининг 2025 йил март ойида Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифига жавоб ташрифи ҳисобланади.
Агентликнинг хабар беришича, Тбилиси шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар давомида Президент Шавкат Мирзиёев Грузия Президенти Михаил Кавелашвили ҳамда Бош вазир Ираклий Кобахидзе билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор ҳужжатларни имзолади.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон яқин вақт ичида Тбилиси шаҳрида ўз элчихонасини очишни режалаштирмоқда. Шу вақтгача мамлакат Грузия билан дипломатик алоқаларни Бокудаги элчихонаси орқали амалга ошириб келган.
Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2025 йилдаги 270 миллион АҚШ долларидан яқин истиқболда 1 миллиард АҚШ долларига етказишни мақсад қилган. Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири транспорт ва темир йўл логистикаси бўлди. Хусусан, “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли” лойиҳасини Грузиянинг Поти шаҳридаги Қора денгиз порти инфратузилмаси билан боғлаш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу ташаббус Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган янги транспорт йўлакларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.
Шунингдек, икки мамлакат қишлоқ хўжалиги, электротехника, энергетика, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, янги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш ниятини билдирган.
Нашр бу ташрифни мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификация қилиш, Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш ва минтақалараро логистика занжирларидаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим дипломатик қадам сифатида баҳолаган.
“APP”: Ўзбекистон “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқда

Покистоннинг “Associated Press of Pakistan” – APP ахборот агентлиги ёзишича, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссаси тобора ортиб бормоқда. Агентликнинг маълум қилишича, 2026 йил бошидан буён мамлакатдаги қуёш ва шамол электр станциялари жами 6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарган.
Хабарга кўра, ушбу ҳажмнинг 3,8 миллиард киловатт-соати қуёш электр станциялари, 2,2 миллиард киловатт-соати эса шамол электр станциялари ҳиссасига тўғри келади. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 24,3 фоизга юқори бўлиб, натижада 1,6 миллиард куб метр табиий газ тежалган.
Шунингдек, нашр аввалроқ Қозоғистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон 2030 йилга қадар Европага «яшил» электр энергиясини экспорт қилишни йўлга қўйишни режалаштираётгани ҳақида хабар берганини эслатган.
Мақолада 2017–2025 йиллар давомида мамлакатдаги гидроэлектр станциялари сони 36 тадан 100 тагача, уларнинг умумий қуввати эса 1,6 ГВтдан 2,4 ГВтгача ошгани таъкидланган.
Ўзбекистонда қуёш, шамол ва гидроэнергетика соҳаларида эришилаётган натижалар ўлканинг энергия хавфсизлигини таъминлаш, табиий газ истеъмолини қисқартириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланган.
“Italpress”: Ўзбекистон ва Италия меҳнат миграцияси соҳасида қонуний ва тизимли ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Италиянинг “Italpress” ахборот агентлиги хабар беришича, Ўзбекистон ва Италия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида қонуний, шаффоф ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича янги имкониятлар яратилмоқда. Бу ҳақда Италия – Ўзбекистон Савдо палатаси вице-президенти Марко Фарчи агентликка берган интервьюсида маълум қилган.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда аҳоли сони 40 миллионга яқин бўлиб, унинг қарийб 60 фоизини 30 ёшгача бўлган шахслар ташкил этади. Мамлакат аҳолиси ҳар йили тахминан бир миллион нафарга ортиб бораётгани меҳнат ресурслари салоҳиятини янада оширмоқда.
Муаллифнинг қайд этишича, Италия ва Ўзбекистон томонидан имзоланган меҳнат миграциясига оид келишув доирасида икки мамлакат ўртасида ишчи кучи алмашинуви учун расмий мулоқот механизми йўлга қўйилган. Марко Фарчининг сўзларига кўра, асосий мақсад – Ўзбекистоннинг Миграция агентлиги ҳамда Италиядаги иш берувчилар ўртасида содда, шаффоф ва ишончли ҳамкорлик тизимини шакллантиришдан иборат.
Мақолада Италияда соғлиқни сақлаш соҳасида ўзбекистонлик мутахассисларга талаб ортаётгани баён этилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, логистика ва қурилиш тармоқларида ҳам ўзбек ишчи кучига қизиқиш ортиб бормоқда. Марко Фарчи Ўзбекистон аллақачон Германия, Франция ва Япония каби давлатлар билан меҳнат миграцияси соҳасида муваффақиятли ҳамкорлик қилаётганини ҳам таъкидлаган.
Унинг фикрича, Ўзбекистон чет элда ишлаш учун кадрларни касбий ва тил тайёргарлигидан ўтказиш тизимини шакллантирган бўлиб, жумладан, Италия тилини сертификат асосида ўқитиш дастурлари ҳам йўлга қўйилган. Шу билан бирга, Италиянинг учта олий таълим муассасаси Ўзбекистонда филиаллар очгани икки мамлакат ўртасидаги таълим ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаётгани қайд этилган.
“Кабар”: Ўзбекистон 2027 йил охирига қадар пойабзал экспорти ҳажмини оширишни мақсад қилган

Қирғиз Республикасининг “Кабар” давлат ахборот агентлиги ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати чарм-пойабзал саноатини жадал ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда.
Агентликнинг хабар беришича, ўлка 2027 йил охирига қадар пойабзал экспортини 150 миллион АҚШ долларига етказишни мақсад қилган. 2026 йил 1 июлдан 2029 йил 1 июлга қадар Ўзбекистонда тери ва жун хомашёсини йиғиш билан шуғулланувчи корхоналар фойда, мол-мулк, ер ва айланма солиқларидан озод этилади. Шунингдек, уларнинг айланма маблағлари учун олинган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Мақолага кўра, тайёр чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга ҳар бир квадрат дециметр маҳсулот учун молиявий кўмак ажратилади. Пойабзал ва чарм буюмлари ишлаб чиқарувчилар эса ишлаб чиқаришга жорий этилган ҳар бир янги маҳсулот модели учун субсидия олиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, пойабзал қолиплари ва махсус жиҳозларни импорт қилиш, фирмавий савдо тармоқларини кенгайтириш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қопланади.
Муаллифнинг ёзишича, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб маҳаллий хомашёдан кенг фойдаланувчи, янги иш ўринлари яратувчи ва ўз брендига эга чарм саноати корхоналари давлат харидларида 15 фоизгача нарх устунлигига эга бўлади.
“Синьхуа”: Ўзбекистон экологик барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқда

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда чўлланишга қарши кураш, чўл ҳудудларидан самарали фойдаланиш ва «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этишга қаратилган 2026–2030 йилларга мўлжалланган комплекс стратегияни тасдиқлагани ҳақида мақола чоп этди.
Таъкидланишича, 2025 йилга келиб ўлкада кўкаламзорлаштириш даражаси 14,3 фоизга етказилган. Бу кўрсаткич 2020 йилдаги 8 фоизга нисбатан сезиларли ўсишни кўрсатади. Бунда хусусан, Орол денгизининг қуриб қолган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилгани муҳим аҳамият касб этган.
Қабул қилинган стратегия доирасида 1,27 миллион гектар майдонда ўрмонларни тиклаш, шунингдек, «чўл иқтисодиёти» концепциясини ривожлантириш кўзда тутилган. Мазкур ёндашув қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар етиштириш, шўрга чидамли (галофит) ўсимликларни кўпайтириш ҳамда яйлов чорвачилигини ривожлантириш орқали янги даромад манбаларини яратишни назарда тутади.
Агентлик қайд этишича, стратегия доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида экологик ҳамкорликни кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, минтақавий илмий-тадқиқот маркази фаолиятини кенгайтириш, «Яшил қалқон» дастури доирасида қўшма лойиҳалар сонини ошириш ва 2040 йилгача мўлжалланган минтақавий стратегия ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Мақолада шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида амалга оширилаётган “Яшил Самарқанд” пилот лойиҳаси ҳақида ҳам сўз юритилган. Лойиҳа доирасида 2030 йилга қадар Самарқанд шаҳрида ҳаво ифлосланишини икки баробар камайтириш, жамоат транспортини электр энергиясига ўтказиш, шаҳар атрофида узунлиги 102,7 километр бўлган яшил ҳимоя ҳудуди яратиш ҳамда экологик хавфи юқори бўлган йирик саноат корхоналарини шаҳар ташқарисига кўчириш режалаштирилган.
Эътиборлиси, нашр республикамизда ўрмонзорларни кенгайтириш, «яшил» иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш ва экологик шаҳар муҳитини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратган.
Ўткир Алимов, ЎзА