Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Ҳар қандай янгиликни дунё афкор оммасига етказишда ахборот майдони, хусусан оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Зеро, ҳамкасбларимиз нафaқат хабар тарқатади, балки жамият кайфиятини узатади, ислоҳотларга нисбатан муносабат уйғотади, давлат ва жамоатчилик ўртасида кўприк вазифасини ўтайди.
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва баҳолар бериб борилмоқда. Бу жараён нафақат хорижий медиа вакиллари нуқтаи назарини, балки ўлкамиз ҳақидаги ҳаққоний ташқи қарашларни ҳам умумлаштиради. Шу тариқа мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, очиқ сиёсати ва ислоҳотлари халқаро ахборот маконида қандай таҳлил қилинаётгани ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
АзерТАЖ: Ўзбекистон Президенти Озарбайжон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматига тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилганини маълум қилди
Озарбайжоннинг “АзерТАЖ” давлат ахборот агентлиги яқинда Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида давлатимиз раҳбари нутқидан иқтибос келтирган.
– Бугун бизнинг қардош халқларимиз учун ҳақиқатан ҳам тарихий кун. Биз Озарбайжон Республикасини Маслаҳат учрашувларимиз форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисида принципиал қарор қабул қилмоқдамиз, - деди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев. – Моҳиятан биз Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида мустаҳкам кўприк барпо этмоқдамиз, ҳамкорликнинг ягона маконини шакллантиришга йўл очмоқдамиз. Бу икки минтақанинг стратегик боғлиқлиги ва барқарорлигини кучайтириши шубҳасиз.
Ушбу муҳим қарор қабул қилингани учун барча ҳурматли ҳамкасбларимга самимий миннатдорлик билдираман ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Гейдарович Алиевни Маслаҳат учрашувларимиз форматига тўла ҳуқуқли иштирокчи бўлиб қўшилгани билан табриклайман.
БелТА: Беларусь ва Ўзбекистон театрлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Беларусь Республикаси Маданият вазири Руслан Чернецкий ва Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ўртасидаги ишчи учрашувда Беларусь Катта театри ва А.Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди, деб ёзмоқда “БелТА” ахборот агентлиги.
Хабарда таъкидланишича, ўзаро мулоқот давомида Ўзбекистон давлат мусиқали комедия театри ва Беларусь давлат филармонияси, Ўзбекистон Давлат филармонияси ва Беларусь Миллий академик халқ хори ўртасида ҳамкорлик ва англашув меморандумлари ҳам имзоланган.
Шунингдек, томонлар кино соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш, Беларусь ва Ўзбекистон театрлари ўртасида гастроль алмашинувини ривожлантириш муҳимлигини тасдиқлаган.
– Хореография бўйича ўқитувчилар тайёрлашда икки мамлакат ихтисослаштирилган маданият муассасалари ўртасидаги шерикликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. О.Назарбеков маданият соҳасига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф қилди, -дейилган мақола якунида.
APP: Ўзбекистон спортчилари Ислом бирдамлик ўйинларида кўплаб ғалабаларни қўлга киритмоқда
Покистоннинг “Associated Press of Pakistan” – APP ахборот агентлиги ёзишича, Ўзбекистон терма жамоаси Ар-Риёдда ўтказилаётган Ислом бирдамлик ўйинларида муваффақиятли иштирокини давом эттирмоқда.
Таъкидланишича, таэквондо, қиличбозлик ва енгил атлетика бўйича мусобақаларда юртимиз спортчилари олтин ва кумуш медалларни қўлга киритиб, умумий медаллар жадвалидаги ўрнини мустаҳкамлаган.
– Таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Диёрбек Тўхлибоев яна бир олтин медалга эга чиқди. У 67 кг вазн тоифасида туркиялик рақибини финалда мағлубиятга учратиб, чемпион бўлди. Ушбу спорт турида эркаклар ўртасида 82 кг вазн тоифасида иштирок этган Марат Мавлонов финалда қозоғистонлик рақибидан устун келиб, бош совринни қўлга киритди, - дейилади мақолада.
Шунингдек, сайтда спортчиларимизнинг ушбу ажойиб ғалабалари Ўзбекистоннинг медаллар жадвалидаги ўрнини янада юксалтираётгани таъкидланган.
TDH: Туркманистон ва Ўзбекистон етакчилари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев билан олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди, деб ёзди Туркманистон Давлат ахборот агентлиги – ТDH ўз манбасида.
– Мулоқот давомида томонлар сиёсий-дипломатик алоқаларни кучайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, энергетика ва транспорт соҳаларини чуқур интеграция қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик лойиҳаларни ривожлантириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни жонлантириш бўйича муҳим келишувларга эришди, - дейилган мақолада.
Хабарга кўра, музокараларда минтақани боғловчи транспорт йўлакларини кенгайтириш энг устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилган. Хусусан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон йўлагини ривожлантириш, Каспий денгизи ва Форс кўрфазига чиқадиган йўналишларни фаоллаштириш, шунингдек Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон – Қатар транспорт коридорини тезроқ ишга тушириш борасидаги қўшма ҳаракатларни жадаллаштиришга келишиб олинган.
Ташриф чоғида Туркманистон етакчиси Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистоннинг “Олий даражадаги Дўстлик” ордени билан тақдирлангани алоҳида эътироф этилган.
– Мазкур давлат ташрифи икки мамлакат ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик мустаҳкамлигидан далолат бериб, келгусида сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар очади, - дейилган мақола якунида.
MONTSAME: Тошкентда 25-Марказий Осиё медиа конференцияси (CАМC 2025) ўтказилди
ЕХҲТ ОАВ эркинлиги бўйича вакили идораси (RFoM) томонидан ташкил этилган йиғинда Марказий Осиё ва Мўғулистон фуқаролик жамияти етакчилари, медиа экспертлари сунъий интеллектни бошқариш, қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, журналистлар хавфсизлигини таъминлаш ва медиасаводхонлик орқали дезинформацияга қарши курашиш бўйича фикр алмашди, деб хабар бермоқда Мўғулистоннинг “MONTSAME” ахборот агентлиги.
Тадбирнинг очилиш маросимида EХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Ян Братху, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффарбек Мадраҳимов ва бошқа мутасадди вакиллар иштирок этди.
“Internews Europe” бош ижрочи директори Мера Селва таъкидлашича, ОАВ умумий демократик қадриятларга асосланиши керак. Фақат молиявий жиҳатдан барқарор матбуотнинг ўзи етарли эмас, мустақил журналистика ижтимоий бирдамлик, ишонч ва демократик масъулиятни ҳам мустаҳкамлаши керак.
“Технологиялар ва сунъий интеллект” бўйича сессия давомида Европа институтининг ОАВ плюрализми ва эркинлиги маркази илмий координатори Ива Ненадич сунъий интеллект журналистик салоҳиятни кенгайтириши ва инновацияларни қўллаб-қувватлаши мумкин бўлса-да, журналистлар технологиянинг камчиликлари ва эҳтимолий тарафкашликдан огоҳ бўлишлари керак, дея фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, ошкоралик касбий ҳалолликни сақлаш учун муҳим.
Шунингдек нашр конференция якунида иштирокчи давлатлар минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш, мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратиш, журналистлар хавфсизлигини кучайтириш ҳамда Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйлаб демократик бошқарувнинг асосий йўналиши сифатида мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашни давом эттириш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлагани айтилган.
Ўткир Алимов тайёрлади.
ЎзА