Ахборот агентликлари ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги (WAM) ташаббуси билан Дубай шаҳрида Жаҳон ҳукуматлари саммити (World Governments Summit) доирасида “Иқтисодий фаолиятни шакллантиришда ахборот агентликларининг роли” мавзусида давра суҳбатини ташкил қилинди.
Тадбирда араб минтақаси, Европа, Осиё, Африка ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) расмийлари ва ахборот агентликлари раҳбарлари иштирок этди.
Мулоқот чоғида ахборот агентликларининг келажак иқтисодиётини қўллаб-
қувватлаш, инновацион бизнес концепциясини илгари суришдаги ўрни, иқтисодиётнинг ривожланаётган тармоқлари билан ишлашга тайёрлик билдирилди. Шунингдек, ОАВ ходимларининг бизнес журналистикаси келажагидаги роли, ёш ходимлар тажриба алмашиши ва малака оширишида ОАВ ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этиши эътироф этилди.
Иштирокчилар иқтисодиёт янги тармоқлари билан ҳамкорликнинг аҳамиятига урғу бериб, ушбу тармоқларда юзага келаётган муаммо ва имкониятларни таҳлил қилишди, бизнес журналистикасини такомиллаштириш йўллари ҳамда ахборот ва бошқа турли агентликлар ўртасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашув якуни бўйича қатор тавсиялар ишлаб чиқилди, ахборот агентликлари ва ОАВ вакилларини бизнес билан шуғулланувчи давлат ва хусусий институтлар билан ҳамкорликда ўқитиш, ходимлар малакасини ошириш, журналистларни замонавий иқтисодий тушунчалар, жумладан яшил иқтисодиёт, рақамли валюта ва сунъий интеллект билан боғлиқ маълумотлар билан ишлашга ўргатиш зарурлиги тушунтирилди.
Экспертлар давр мураккаблигига қарамай, янги иқтисодий моделларни ёритувчи ахборот агентликлари етакчи ролини таъкидлаб, замонавий медиа соҳасида рўй бераётган ўзгаришлар билан ҳамнафас бўлиш, янги технологик ўзгаришларга мослашиш зарурлигини эътироф этди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА