Автомобиль бозори: пойтахтимизда бир ойда савдо ҳажми 60,5 фоизга ошган
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази март ойи якунлари бўйича мамлакатимиздаги енгил автомобиллар савдосига оид маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, бирламчи ва иккиламчи бозорларда жами 78 мингдан ортиқ енгил автомобиль сотилиб, ўтган ойга нисбатан 19 фоизлик ўсиш қайд этилган. Ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда эса савдо ҳажми 20,6 фоизга ошди.
Автомобиль бозоридаги фаоллик республикамизнинг деярли барча ҳудудларида ошган. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Тошкент шаҳрида бир ой ичида савдо ҳажми 60,5 фоизга ошган. Сурхондарё вилояти 51,4 фоиз ўсиш билан ҳудудлар орасида биринчи ўринни эгаллади. Тошкент вилоятида савдо 46 фоизга, Сирдарё ва Навоий вилоятларида мос равишда 34,5 ва 27,5 фоизлик ўсиш кузатилган. Бироқ умумий ижобий динамика фонида Жиззах, Андижон ва Самарқанд вилоятларида автомобиль савдосида бироз пасайиш кузатилган.
Янги енгил автомобиллар бозорида март ойи давомида қарийб 31 мингта олди-сотди шартномаси тузилди. Бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 13 фоизга, йиллик ҳисобда эса 37 фоизга кўпдир.
Маҳаллий автомобиллар савдоси ҳажми 25 мингтага етиб, ўтган йилга нисбатан 26,5 фоизга ошган. Хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси бир ойда қарийб 2 бараварга ошиб, 5,7 мингтага етди.
Март ойида иккиламчи бозорда 47,5 мингта автомобиль сотилди. Бу февраль ойига нисбатан 23 фоизга, ўтган йилнинг мартига нисбатан эса 12 фоизга юқори.
Экологик тоза транспорт воситаларига бўлган қизиқиш жадал суръатларда ортиб бормоқда. Март ойида жами 5,5 мингта электромобиль сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизлик ўсишни англатади.
Айниқса, ҳудудлардаги ўсиш суръатлари юқори: Хоразм вилоятида савдо 5 бараварга, Навоий вилоятида 3,6 бараварга, Жиззах вилоятида 2,9 бараварга ошган.
Автомобиль бозоридаги бундай жадал ўсиш аҳолининг сотиб олиш қобилияти барқарорлиги ва бозордаги таклифларнинг хилма-хиллашгани билан изоҳланади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА