“Автомалика” кўрик-танлови ўтказилди
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ЙҲХБда 8 март байрами ўзгача нишонланди.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ЙҲХБда 8 март байрами ўзгача нишонланди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан ҳайдовчи аёллар таклиф этилди. Улар “Автомалика” кўрик-танловида иштирок этди.
Кўрик-танловга ёши, эгаллаган касбидан қатъий назар ҳайдовчилик гувоҳномаси бор бўлган, жамият ҳаётида фаол аёллар таклиф этилди. Дастлабки босқичда иштирокчилар йўл ҳаракати қоидалари бўйича ўз билимларини тест синовларида текшириб кўрди.
Мусобақанинг энг қизиқарли ва ҳаяжонли онлари бошланди. Ҳар бир ҳайдовчи мусобақа учун махсус тайёрланган ўқув автомобилида ҳайдаш маҳоратини намойиш этди. Ҳаяжон, севинч, ташвиш аломатлари акс этган гулгун чеҳралар навбатма-навбат транспортни бошқариб, кўрик-танлов шартларини бажарди.

Кимдир ҳаяжондан моторни ўчириб қўйди. Бошқа иштирокчи шартли гаражга киришда шошилди. Аммо йўл қўйилган хатолардан ҳеч ким хафа бўлгани йўқ. Аксинча, бу хатолар улар учун сабоқ бўлганини таъкидлади. Қизиқарли баҳс-мунозаралар билан ўтган мусобақа ҳам якунига етди. Навбат ғолибларни рағбатлантиришга келди. Ғолибларга Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда “Алском” суғурта компанияси вилоят бўлимининг совғалари топширилди.
Ғолиб бўлиш яхшида. Ҳис-ҳаяжонлар ортда қолди. Ғолиблар эса совғаларни олди. Мусобақада олий ўрин Қибрай туманидан келган иштирокчи Шоҳира Сайдазимовага насиб этди.
Бу каби байрам мусобақаларини тез-тез ўтказиб туриш таклифи билдирилди. Дарҳақиқат, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашда, ҳайдовчи маданиятини юксалтиришда мусобақаларнинг аҳамияти катта.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ
Ахборот хизмати