Австрияда вакцина олиш мажбурий
Австрия Миллий кенгаши мамлакат аҳолисини коронавирусга қарши мажбурий эмлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
“Euronews” хабар беришича, ушбу ҳужжат 2024 йил 31 январга қадар амал қилади. Жорий йил март ойидан бошлаб, вакцина олишдан бош тортган фуқаро энг ками 600 евро жарима тўлайди, эмланганлар эса рағбатлантирилиши кўзда тутилган.
Мамлакат расмийлари маълумотига кўра, препаратни қабул қилган австрияликлар совринли ўйинларда иштирок этиши мумкин. Яъни ҳар ўнинчи лотерея иштирокчиси 500 евролик пул купонини ютиб олиш имконига эга.
– Биз фуқароларни нафақат эмлашга тарғиб қилгани учун, балки эмланганлар сонини оширишга ҳисса қўшгани учун ҳам мукофотлаймиз. Бу минтақа тараққиёти учун киритиладиган сармояга айланади, – деди канцлер Карл Нехаммер.
Шундай қилиб Австрия Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ичида биринчи бўлиб коронавирусга қарши эмлаш бўйича мажбурий тартибни жорий қилмоқда.