Авлиё қабридан ноёб китоблар топилди
Бухоро шаҳри Абдурауф Фитрат маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Хожа Ҳалимуддин Демуний қабрида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари давомида қадимий китоблар топилди. Бу китоблар қачон ва ким томонидан ушбу қабрга кўмилгани ҳозирча аниқ эмас.
– Ўрганиш натижасида қабрнинг устки қисмида номаълум араб ёзувидаги босма китоб қолдиқлари борлиги ва консервацияга муҳтожлиги аниқланди, – дейди вилоят маданий мерос бошқармаси Миллий музей фонди ва маданий бойликларни муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси Элбек Собиров. – Китоб қолдиқлари консервация қилиш ва ўрганиш учун Бухоро давлат музей қўриқхонаси лабораториясига юборилди. Музей тажрибали реставраторлари томонидан моғорлаган китоб варақларини тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Мутахассислар фикрига кўра, топилма Қуръон китоби саҳифалари ва луғат варақлари, шунингдек, тарихий аҳамиятга эга ҳужжат эканлиги аниқланган. Тош босма усулдаги бу китобларни ҳозирча ХIХ аср охири, XХ аср бошларида Қозонда чоп этилган дея тахмин қилиш мумкин ҳамда қўлёзма усулида ёзилган ҳужжат эса ХIХ аср охирига тегишлилиги тахмин қилинмоқда.
– Топилган китоблар аҳволи жуда ачинарли бўлиб, йиллар ва намлик таъсирида титилган, моғорлаган, жилдлари сақланмаган, варақлари бир-бирига ёпишиб қолган, – дейди Бухоро давлат музей-қўриқхонаси илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Жамшид Халилов. – Хожа Ҳалимуддин Демуний қабрларидан топилган хазина 3 та китоб ва 1 та тарихий ҳужжатдан иборат. Китобларнинг барчаси тошбосма усулда чоп этилган (Қозон ва Ҳиндистонда чоп этилган тошбосма). Уларнинг 2 таси Қуръони Карим ва 1 таси луғат китобидир. Топилмалар ичида ҳижрий 1305 й (мил. 1887/88 й) да мирзо хаттот Мир Саббоҳуддин томонидан кўчирилган фатво нодир ҳужжати бор экан. Таъмирлаш устахонаси рассом усталари томонидан кимёвий ишлов берилиб, тозалангандан сўнг, "Ҳужжатлар" фонди "Араб ёзувидаги қўлёзмалар" бўлими катта илмий ходими Ахтам Аҳмедов томонидан илмий жиҳатдан ўрганиб чиқилмоқда.

Абу Муҳаммад Ҳалим ибн Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ибн ал Ҳалим ад-Демуний (қисқача: Хожа Ҳалимуддин Демуний - вафотлари 416 ҳ.й/1025-1026 мил й.) Бухоронинг азиз авлиёларидан бири бўлган. Қабрлари Қуйи Суфа кўчасининг бошида Хонақоҳи Сўфиён рўпарасида. Асли Бухородан Пойкент кетиш йўлидаги Бухоро шаҳридан 2,5 фарсах масофада жойлашган Деймун қишлоғидан бўлган. Ўз уйларини Хонақоҳга айлантириб, вақф қилиб берганлар. Маҳаллий аҳоли қабрларини зиёрат қилишни хайрли деб билган.
Илмий ўрганиш ниҳоясига етгандан сўнг музей-қўриқхона фондлари янги экспонатлар билан бойитилади.
Зариф Комилов, ЎзА