Авф — янги ҳаёт сари берилган имконият
Инсонга берилган иккинчи имконият баъзан унинг бутун ҳаётини ўзгартиради. Муҳими, бу имкониятни қандай қадрлаш ва ундан қандай фойдаланишда. Бугун мамлакатимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хатосини англаган инсонга тўғри йўлга қайтиш учун имконият яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Бухорода Президентимизнинг тегишли Фармони асосида авф этилган фуқаролар билан ўтказилган очиқ мулоқот ҳам ана шу эзгу тамойилнинг ҳаётий ифодаси бўлди.
Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов ҳамда мутасадди раҳбарлар иштирок этиб, авф этилган фуқаролар билан очиқ ва самимий мулоқот қилишди. Уларнинг ҳаётий муаммолари, таклиф ва истакларини тинглашди.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон, унинг қадри, шаъни ва ҳуқуқлари турибди. Айниқса, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган, хулоса чиқаришга ва жамиятга қайтишга тайёр инсонларга яна бир имконият бериш — инсонпарварлик ва бағрикенгликнинг юксак намунасидир.
Авф — содир этилган хатони оқлаш эмас. Аксинча, у инсонга ўз хатосини англаш, ҳаётини қайтадан тўғри йўлга қўйиш, оиласи бағрига қайтиш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаш учун берилган катта имкониятдир.
Мулоқотда сўз олган вилоят ҳокими авф этилган фуқаролар энди жамиятнинг тўлақонли аъзолари эканини таъкидлашди. Уларнинг зиммасида эса бу ишончни оқлашдек юксак масъулият турганини қайд этди.

— Давлатимиз раҳбари томонидан сизларга яна бир имконият берилди. Бу ишончни оқлаш, озодликнинг қадрига етиш, оила ва жамият олдидаги масъулиятни ҳис этиб яшаш — энг муҳим вазифа, — деди Ботир Зарипов.
Бу сўзлар замирида катта маъно мужассам. Чунки инсон ҳаётида баъзан биргина хато унинг тақдирини ўзгартириши мумкин. Аммо хатони тан олиш, ундан хулоса чиқариш ва янги ҳаёт сари дадил қадам ташлаш учун имконият берилса, бу имкониятни қадрлашнинг ўзи ҳам катта жасоратдир.
Учрашувда авф этилган фуқароларнинг жамият ҳаётига тезроқ мослашиши, доимий иш билан таъминланиши, касб-ҳунар эгаллаши, оиласи бағрида тинч ва муносиб ҳаёт кечириши учун зарур кўмак кўрсатилиши алоҳида таъкидланди.
Зеро, инсонни жамиятга қайта олиб киришнинг энг самарали йўлларидан бири — унинг бандлигини таъминлаш, меҳнат қилиш имкониятини яратиш ва ўз қобилиятини намоён этиши учун шароит ҳозирлашдир.
Касб эгаллаган, ҳалол меҳнат орқали оиласини боқаётган, фарзандларига намуна бўлаётган инсон кечаги хатосидан узоқлашиб, бугунги ҳаётини мазмунли қуришга интилади. Шу боис мулоқотда касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов юртимизда қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойиллари қатъий таъминланаётганини таъкидлар экан, инсонпарварлик тамойили асосида берилган авфни оқлаш ҳар бир фуқаронинг юксак масъулияти эканини қайд этди.
Мулоқот давомида иштирокчиларга ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишдан тийилиш, оиласи бағрида тинч-тотув яшаш, ҳалол меҳнат қилиш, фарзандлар тарбиясига масъулият билан ёндашиш ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш зарурлиги тушунтирилди.
Учрашувнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — авф этилган фуқароларнинг муаммолари шунчаки тингланибгина қолмасдан, уларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар белгиланганидир.
Вилоят ҳокими ҳар бир фуқаро билан якка тартибда суҳбатлашиб, уларнинг келгуси режалари, иш билан таъминланиши, касб-ҳунар ўрганиши ва ижтимоий ҳаётга мослашиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.

Фуқаролар ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан мурожаат қилиб, ишга жойлашиш, чорвачилик ва ҳунармандчилик фаолиятларини йўлга қўйиш учун амалий ёрдам сўрашди. Билдирилган ҳар бир мурожаат қайд этилди ва уларни ҳал этиш бўйича масъул раҳбарларга тегишли вазифалар юклатилди.
Бу эса давлат идоралари фаолиятида инсон омили, унинг эҳтиёжи ва тақдирига эътибор тобора кучайиб бораётганидан далолат беради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири