Авф этилганлар оиласига қайтди
Ҳеч ким жиноятчи ёки ҳуқуқбузар бўлиб туғилмаслиги ҳақида кўп бора эшитганмиз. Фақатгина инсоннинг ташқи таъсир воситасида, билиб билмай йўлдан адашиши унинг ҳаётида ўчмас из бўлиб қолади. Кишини йиллар тарбиялайди. Унинг нуқсонларини тўлдиради. Аммо чекилган заҳмат, зулматда ўтган кунлар изтироби барибир қалбда ўчмас доғ бўлиб қолади. Давлатимиз раҳбари эътибори сабаб Бухорода Жазони ўтаётган маҳбуслардан 7 нафари ўз оиласи бағрига қайтди.
Наманганлик Улуғбек Хожимирзаев бу йил 50 баҳорни қарши олмоқда. У гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғуллангани сабаб озодликдан маҳрум этилган эди. Умрининг энг қайноқ палласини у панжара ортида ўтказди, аммо юртимиздаги адолатпарварлик, инсонийлик ва бағрикенглик тамойилига асосан, қилмишига чин кўнгилда пушаймон бўлган Улуғбек Хожимирзаев муддатидан илгари ўз оиласи бағрига қайтмоқда.
– Қилмишимдан жуда афсусдаман, – дейди Улуғбек Хожимирзаев. –Энди бундай ножўя ишлар билан шуғулланмайман. Президентимизнинг ташаббуси билан бугун озодликка чиқаяпман. Оила даврасида, неваралар тарбияси билан шуғуланиб, озодликни қадрлайман. Чунки озодликда юриш, нафас олиш ҳеч нарсага етмас экан.
Президент фармони билан авф этилганлар орасида тошкентлик Темур Ҳайдаров ҳам бор. Улуғбек Хожимирзаев сингари қора оғу савдосига аралашиб қолган юртдошимиз ҳам Янги йил байрамини ўз оиласи бағрида нишонлайди.
– Давлат раҳбарига раҳмат, – дейди Темур Ҳайдаров. – Биз адашганларни кечириб оиламизга қайтишга ишонч билдирдилар. Бундай ишончни албатта оқлайман. Энди ҳалол меҳнат қилиб, оилам, фарзандларим, Ватаним тинчлиги учун хизмат қиламан.
Давлатимизнинг ғамхўрлиги, эътибори сабаб озодликка чиққан бу шахсларнинг кейинги ҳаётга мослашишлари учун ҳам барча имкониятлар тақдим этилмоқда. Бугун ўз қилмишлари нотўғри эканини англаб етган бу юртдошларимиз учун фақат битта йўл бор. Ишончга яраша муносиб жавоб қайтариш. Юрт равнақига улуш қўшиш. Оиласи, Ватани тинчлиги учун камарбаста инсон бўлиш. Мана шу йўлгина уларни жамиятда намунали инсонлар қаторига қўшилишини таъминлайди.
Зариф Комилов, ЎзА