Авария диспетчерлик хизмати 24 соат халқ хизматида
Бугунги кунда барча соҳаларда бўлгани каби газ таъминоти тизимида ҳам халқ билан мулоқотни яхшилаш, уларнинг мурожаат ва дардларини ўзиники каби қабул қилиб, тезкор бартараф этиш йўлларини кўриш муҳим вазифалардан бирига айланган.
Эллик мингдан ортиқ табиий газ истеъмолчисига эга Навоий шаҳрида ҳам истеъмолчиларнинг “104” рақамига қўнғироқлари 24 соат давомида қабул қилинади. Чақирув қабул қилиниши билан навбатчи томонидан чилангарларга манзил ва мурожаат мақсади тушунтирилади. Тезлик билан авария бригадаси айтилган манзилга бориб, муаммони бартараф қилишади.

Бугунги кунда “Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлимига қарашли авария диспетчерлик хизматида тўртта авария бригадаси навбатчилик асосида иш фаолиятини олиб боради. Аҳоли томонидан газ ҳисоблаш ускунаси ёки газ плитасидан газ сизиб чиқиш ҳолатлари бўйича қўнғироқлар кўп бўлади. Авария бригадаси ҳар бир чақирув бўйича зудлик билан белгиланган манзилга етиб боради.
– Эрталаб газ ҳисоблаш ускунамиздан ҳид чиқаётганини сезиб қолдим, – дейди Истиқлол маҳалласида яшовчи Матлуба Баҳронова. – Шундан сўнг тезкорлик билан “104” рақамига қўнғироқ қилдим. Раҳмат, газчи ходимларга, ўн дақиқа ичида етиб келишиб, газ ҳисоблаш ускунамиздаги газ сизиб чиқиш ҳолатини бартараф қилиб беришди. Жуда хурсанд бўлдим.

Шаҳар бўйлаб авария диспетчерлик хизматига бир куннинг ўзида 30-40 тагача чақирувлар амалга оширилади. Халқ хизматига камарбаста газчилар эса аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этиш мақсадида кеча-ю кундуз масъулият билан ўзларига юклатилган вазифаларни адо этишмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири