“Аудит ва спорт бирлиги” мусобақалари ўтказилди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Спорт вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан “Аудит ва спорт бирлиги” шиори остида шахмат, армрестлинг, стол тенниси, дартс спорт турлари ҳамда “Арқон тортиш” бўйича мусобақалар ўтказилди.
Баҳсларда 30 дан ортиқ давлатларнинг аудит ташкилотлари вакиллари қатнашди. Дастлаб иштирокчилар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган “Олимпия шаҳарчаси” инфратузилмаси билан яқиндан танишди.

Мусобақанинг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев, спорт вазири Адҳам Икромов аудит соҳаси ходимлари нафақат молиявий интизом ва шаффофликни таъминлаш, балки жисмонан фаол, маънан барқарор ва жамоавий ҳамжиҳатликка эга мутахассис сифатида ҳам намоён бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Айтиш лозим, “Аудит ва спорт бирлиги” шиори остида ўтган оммавий спорт тадбирларида қатнашган хорижлик мутахассислар айни кунларда Тошкентда ташкил этилаётган “Аудит жараёнларини рақамлаштириш ва катта ҳажмли маълумотларни сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш” мавзусидаги халқаро конференцияда қатнашмоқда.

Саломатлик мусобақаларида фаоллик кўрсатганлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА