Атроф-муҳит муҳофазаси доимо эътиборда
Бухоро вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.
Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Муроджон Умаровнинг таъкидлашича, 2021 йил ва жорий йил соҳани тубдан такомиллаштириш мақсадида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Жорий йил феврал ойида экология соҳасида алоҳида видеоселектор ўтказилиб, бир қатор топшириқ ва вазифалар берилди. Мазкур ҳужжатлар, топшириқлар ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-7418]
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Бухоро вилояти ҳокимлиги, туман (шаҳар) ҳокимликлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси ва барча тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда 15 миллион 469 дона манзарали, мевали дарахт кўчати экилиши режалаштирилди. Кўчатлар экиш режаси 101 фоизга бажарилди. Ушбу лойиҳа доирасида экилган дарахт кўчатларини суғориш, агротехник тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, дарахтларни ноқонуний кесиб кетилиши, шикастлантирилиши ва пайҳон қилиниши юзасидан ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, амалдаги қонунчилик асосида чора кўриляпти.
Анжуманда журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларига соҳа мутасаддилари томонидан батафсил жавоб берилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА