Атом энергетикаси: амалиёт ва истиқбол
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида "Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантиришнинг муаммолари ва истиқболлари" мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
ЖИДУ ҳузуридаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институтининг энергетик геосиёсат ва дипломатия маркази, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ҳамда “Росатом” давлат корпорацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Россия, Венгрия, Туркия, Жанубий Африка, Сербия, АҚШ, Қозоғистон каби хорижий давлатлардан экспертлар, мутахассис ва олимлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев, Бутунжаҳон ядро ассоциацияси бош директори Сама Бильбао-и-Леон хоним, Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов, “Ўзатом” агентлиги директори Азим Ахмедхўжаев, “Росатом” давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўринбосари Андрей Петров ва бошқалар сўзга чиққан тадбирда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишнинг долзарб масалалари ва имкониятлари, бу борада амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ўз навбатида, ушбу тадбир маҳаллий ва хорижлик экспертлар учун ўзаро тажриба алмашишда муҳим мулоқот майдонига айланди.
ЖИДУ ҳузуридаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институтининг энергетик геосиёсат ва дипломатия маркази директори Ҳаёт Ибрагимовнинг таъкидлашича, тадбир Ўзбекистонда атом энергиясидан фойдаланишнинг афзалликлари, истиқболлари ва бу борада мавжуд муаммоларни муҳокама қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бунда маҳаллий ва халқаро экспертларнинг билим ва тажриба алмашиши орқали мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантиришнинг муҳим чора-тадбирлари белгиланади.

–Аҳамиятли жиҳати, бугунги тадбирда атом энергетикаси соҳаси мутахассислари бир майдонда жамланди, – деди Ҳ. Ибрагимов. – Айниқса, бу мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантириш йўлида илмий ва амалий кўникма вазифасини ўтайди. ЖИДУ ҳузурида очилган марказимизда ҳам Ўзбекистон ва бутун дунёда бўлиб ўтаётган энергетик жараёнлардаги ўзгаришлар, янгиликларни таҳлилий ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, биз атом йўналишида геосиёсатга боғлиқ жиҳатлар ва мамлакатимизда қуриладиган кичик модулли атом реакторлари ҳақида ўрганишлар олиб борамиз.
Анжуманда атом энергетикаси соҳасидаги жорий ва келажакдаги лойиҳалар, ядровий объектлар хавфсизлигини таъминлаш йўллари, мамлакатнинг энергия балансида атом энергиясининг роли каби масалалар ҳам муҳокама этилди. Ушбу соҳада кадрлар тайёрлаш ва инновацион технологияларни жорий этиш зарурлиги қайд этилди.
Экспертларнинг таъкидлашича, атом энергетикасини ривожлантириш мамлакатнинг энергетика мустақиллигини мустаҳкамлашда, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш орқали иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда Россия, Венгрия, Туркия, Жанубий африкалик экспертлар атом энергетикасини ривожлантириш борасидаги ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
– Ҳозир дунёда ядровий уйғониш, ядровий ренессанс даври кузатилмоқда, – деди венгриялик мустақил эксперт Жолт Харфаш. – Ушбу ядровий ренессанснинг иштирокчиси сифатида Венгрия ҳам, Ўзбекистон ҳам бунинг гувоҳи бўлмоқда. Бунга асосий сабаб эса ҳар икки давлатда электр энергияга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Юртингизда қуриладиган лойиҳа ўзбек манфаати учун муҳим ҳисобланади. Ўз навбатида Венгрия ҳам ана шундай станция қуришни режалаштирмоқда. Шу сабабли бу борада Ўзбекистон тажрибаси Венгрия учун жуда муҳим. Биз бу жараённи диққат билан кузатиб борамиз.
Анжуман доирасида ўтказилган иккита панел сессия ишида етакчи мутахассислар, олимлар томонидан атом энергетикасининг истиқболлари ва имкониятлари муҳокама қилинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА