AstraZeneca вакциналари Европа Иттифоқида тақиқланди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) экспертлари Европанинг қатор мамлакатларида AstraZeneca компаниясининг вакциналари тақиқланиши ҳақидаги хабарларни ўрганмоқда, деб баёнот берди ЖССТ вакили РИА Новостига.
"ЖССТ бўлиб ўтган воқеа бўйича тўлиқ хабардор бўлгач, шу заҳотиёқ ўз хулосаларини ошкора маълум қилади", – деди вакил.
Бундан аввалроқ Австрияда эҳтиёткорлик сифатида AstraZeneca препаратидан фойдаланиш тўхтатилган эди. Бунга эмланган аёлнинг ўлими ҳамда яна бир эмланган шахсда тромбоэмболия ривожлангани сабаб бўлган. Шундан кейин ушбу вакцина Эстония, Литва, Люксембург ва Латвияда ҳам тақиқланди.
Пайшанба куни AstraZeneca вакциналаридан фойдаланишни тромблар пайдо бўлиши хавфи туфайли Дания, Норвегия ва Италия ҳукумати ҳам тўхтатди.
Дори-дармон воситалари бўйича Европа агентлиги берган баёнотда айтилишича, ҳозирча бўлган воқеаларга айнан вакцина сабаб бўлганини тасдиқловчи илмий далил йўқ. Ишлаб чиқарувчининг ўзи ҳам препарат хавфсиз экани ҳақда баёнот берганди.
Ҳозирда Европа Иттифоқида тўртта вакцина рўйхатга олинган. Булар, Pfizer/BioNTech, Moderna, AstraZeneca ва Johnson&Johnson компаниялари маҳсулотлари ҳисобланади.