“Astana Open”: Александра Бармичевани жиддий синов кутмоқда
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида теннис бўйича ўсмирлар ўртасида давом этаётган J300 таснифига кирувчи “Astana Open” халқаро теннис мусобақасида ҳамюртимиз Александра Бармичева учинчи даврага йўл олди.
Халқаро теннис федерацияси томонидан ташкил этилган мазкур мусобақанинг иккинчи даврасида Александра Бармичева словакиялик София Бархацовага қарши кортга чиқиб, 7:5, 6:4, 6:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа, теннисчимиз яккалик баҳсларининг учинчи босқичида япониялик Сакино Миязава билан куч синашадиган бўлди.
Ўғил болалар ўртасидаги жуфтлик беллашувларида ҳамюртимиз Алан Зинатулин нейтрал мақомдаги Егор Навразиди билан тандем ҳосил қилиб, иккинчи даврада швециялик Уильям Кьеллберг ва словакиялик Доминик Мацей жуфтлигини 7:6, 6:4 ҳисобида мағлуб этди.
Шунингдек, Акмал Абдуллаев ва Данила Квасов тандеми иккинчи даврада кореялик О Сын-Мин ҳамда япониялик Кою Янаги тандеми устидан 4:6, 6:4, 10:4 ҳисобида ғалаба қозонди.
Энди “Astana Open” турнирининг чорак финалда мазкур икки ғолиб жуфтлик ўзаро куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА