Асосли танқид муаммо ечимини осонлаштиради
Навоий вилояти ҳокимлигида ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан ҳамкорлигида матбуот котиблари, шунингдек, журналистлар иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Навоий вилояти ҳокимлигида ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан ҳамкорлигида матбуот котиблари, шунингдек, журналистлар иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Анжуманда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси хусусида тўхталиб ўтилди. Қарор ижроси юзасидан жойларда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, вилоятдаги кўплаб давлат ташкилотларида матбуот хизматлари масаласи бугунгача ҳал этилмагани тезкор ва холис ахборотни аҳолига ўз вақтида етказишда муаммолар келтириб чиқараётганлиги таъкидланди.
Йиғилишда сўнгги бир-икки ойда ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида Навоий вилояти бўйича 60 та турли мавзудаги материал эълон қилингани айтилди. Уларнинг 31 таси танқидий мазмунда. Танқидларнинг 50 фоизи эса нохолис. Ачинарлиси, асосли танқид қилинган мавзуларнинг бор-йўғи 2 тасига муносабат билдирилган, холос.

Муҳокамалар давомида вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Тошназаров, “Дўстлик байроғи” ва “ Знамя дружбы” газеталари бош муҳаррири Бектемир Пирнафасов ва бошқалар сўзга чиқиб, кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Вилоят халқ таълими, маданият ва спорт ишлари бошқармалари, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати марказида матбуот котиблари фаолият кўрсатмайди. Ваҳоланки, танқидий материаллар, афсуски, ижтимоий соҳалар билан боғлиқ бўлмоқда.
Вилоят ҳокими матбуот котиби марказий босма нашрлардаги чиқишларга ҳам аҳамият қаратди. Мутасадди идоралар томонидан журналистларга амалга оширилаётган йирик лойиҳалар хусусида ишончли маълумотлар ўз вақтида тақдим этилмаяпти. Оқибатда вилоятда амалга оширилаётган муҳим ўзгаришлар хусусида мақолалар марказий ОАВда деярли ёритилмаяпти.
Йиғилишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими фаолиятини янада жонлантириш зарурлигига урғу берилиб, ёшлар ижодий тўгараклари фаолияти ўз ҳолатига ташлаб қўйилганига эътироз билдирилди.

