Асосий мақсад хавфсизликни таъминлашдир
Туризм манзиллари
Бўстонлиқ туманида “Жаҳон криминологиясининг илғор тажрибалари” мавзусидаги I халқаро форум ташкил этилди. Унда Ички ишлар вазирлиги, Криминология тадқиқот институти мутахассислари, Венгрия, Корея, Россия, Ҳиндистон, Беларусь каби давлатлардан, халқаро ташкилотлардан вакиллар, мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, соҳа олимлари иштирок этди.
Дастлаб форум иштирокчилари Тошкент вилояти ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси фаолияти билан танишди. Қайд этилганидек, мазкур ҳудуднинг туризм салоҳияти жуда юқори. Баҳаво табиат, қулай иқлим ва йилнинг барча фаслида мароқли ҳордиқ чиқариш имконияти туфайли сайёҳларнинг қатнови кўп бўлади. Хусусан, “Чорвоқ” туристик зонаси ҳудудида янги туризм объектлари, шунингдек, “Amirsoy Resort”, “Chinorkent”, “Heavenʼs Garden” каби замонавий курорт ва дам олиш масканлари, туристлар ва экскурсантларга турли хизматлар кўрсатувчи субъектлар фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳудудга келаётган дам олувчилар оқимининг ортишига сабаб бўлмоқда.
Шуни эътиборга олиб, бу жойларда хавфсизликни таъминлаш, аҳоли, тадбиркорлар ва сайёҳлар тинчлигини сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Тошкент вилояти ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари ҳам бу борада тизимли ишларни амалга оширмоқда. Улар сайёҳларни потенциал таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг кенг қамровли тизимини яратиш учун турли давлат идоралари, сайёҳлик компаниялари ва меҳмонхоналар билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Тақдимот давомида жойлардаги туризм объектлари ва унга туташ ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, туристларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Айниқса, йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишига қаратилган янги тизимлар, замонавий рақамли камералар ва шу каби соҳага оид янгиликлар барчада катта таассурот қолдирди.
Учрашувда замонавий технологиялардан фойдаланиш ва бошқа инновацион ечимлар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, форум иштирокчиларига маҳалла еттилиги тизими ҳақида ҳам ахборот берилди. Бу жараёнда аҳоли билан ишлаш, билдирилаётган мурожаатларни тизимли равишда кўриб чиқиш ва ҳал қилиш, жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ишсизлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар хусусида ҳам айтилди.
[gallery-20113]
Шундан сўнг форум қатнашчилари томонидан кун тартибида белгиланган мавзуларда маърузалар тингланди. Ҳамкор давлатлар вакиллари, халқаро ташкилотлар масъуллари иштирокида ҳамкорлик меморандумлари ва дастурлари имзоланди. Меҳмонларга ҳудуддаги сайёҳлик манзиллари кўрсатилди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.