Асосий фан олимпиадасининг республика босқичи якунланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 16-умумтаълим мактабида тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, ўзбек тили (давлат тили), рус тили ва адабиёти ҳамда география фанлари бўйича умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида асосий фан олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 168 нафар 11-синф ўқувчиси иштирок этди.
Олимпиаданинг биринчи кунида иштирокчилар тил фанлари бўйича эссе ёзиш орқали ўз билим ва тафаккур салоҳиятини намоён этди. Иккинчи куни эса барча фанлардан тест синовлари ўтказилди. Жараёнларда очиқлик ва ошкораликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-28403]
Тадбир доирасида иштирокчиларнинг ота-оналари ва ўқитувчилари учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Якунда ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда мутасаддилар иштирок этиб, ўқувчиларнинг ютуқларини эътироф этди.
Олимпиада натижаларига кўра, энг юқори кўрсаткичга эришган иштирокчилар олтин, кумуш ва бронза медаллари, дипломлар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди. Биринчи ўрин соҳиблари тегишли йўналишлар бўйича олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилинади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА