Асаларичи аёлларга аталган лойиҳа
Асаларичилик билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси ишга тушди.
Мазкур лойиҳанинг тақдимотига бағишланган семинарда Ўзбекистон учун асаларичилик бўйича иловани жорий этиш ва синов тариқасида ишга туширилгани маълум қилинди.
«Аёллар учун сунъий интеллект воситасида бошқариладиган иқлим жиҳатдан мақбуллаштирилган асаларичилик» лойиҳаси Германия ташқи ишлар вазирлигининг молиявий кўмагида Қурғоқчил минтақаларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ИКАРДА) HiveTracks компанияси ва Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Мазкур илова асаларичилик соҳасидаги вазифаларни кузатиб бориш ва бошқариш йўли орқали арихоналар ҳолати ва асаларилар саломатлигини яхшироқ назорат қилинишини таъминлайди. Шунингдек, лойиҳа хотин-қизларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва биохилма-хилликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Мазкур илова синов тариқасида Тошкент ва Бухоро вилоятларидаги асаларичилар гуруҳида амалга оширилгандан кейин ундан фойдаланишни истаган барча асаларичиларга тақдим этилади.