Архивларимиз тарихимиз ойнасидир
Архив ўтмишимизни тарихий ва аниқ далилий ҳужжатлар билан акс этирувчи бебаҳо ойнадир. Тарих ёки тарихий шахслар ҳақида архив ҳужжатларидан фойдаланиб яратилган асарлар, ёзилган мақолаларни ўқиймизу, шу муассаса фаолияти ҳақидаги битикларни деярли учратмаймиз.
Жиззах вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси тизимида айни пайтда жами 15 та, жумладан, 4 та давлат ҳамда 11 та шахсий таркиб ҳужжатлари архиви фаолият юритиб келмоқда.
Сангзор бўйи воҳасида архивларнинг вужудга келиши 1870 йилларга бориб тақалади. Жиззах вилоят архиви эса Меҳнаткашлар депутатлари ижроия қўмитасининг 1974 йил 11 февралдаги 1-сонли қарорига асосан шу қўмита қошида ташкил этилган. Шу вақтдан бошлаб Жиззах вилояти давлат архиви иши йўлга қўйилган.
Ушбу давлат архивининг дастлабки архив ҳужжатлари Жиззах шаҳар ижроия қўмитасига, вилоят ҳудудида фаолият юритган ташкилотлар фаолиятига оид ҳужжатлардан иборат.
Мазкур архив ҳужжатларига назар ташласак, 1870 йиллардан бошлаб Чорроссияси, 1917 йилдан бошлаб Самарқанд вилояти тасарруфида бўлган Жиззах уъезди хомашё етказиб берувчи уъездлардан бири бўлгани боис, бу ерда асосан пахта саноатига қарашли кичик ишлаб чиқариш корхоналари, майда ҳунармандчилик, ижарачилик артеллари, ердан фойдаланувчилар ва деҳқончилик, колхоз ва совхозлар фаолият юритганлигига гувоҳ бўламиз. Шу боис давлат архиви сақловига қабул қилинган ҳужжатлар қишлоқ ва дехқон хўжаликларини бошқарувчи идоралар, пахтачилик саноати, завод ва кичик корхоналар ҳужжатларидан иборатлигига гувоҳ бўлиш мумкин.
Бугунги кунда вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси тизимидаги архив муассасаларида 1921 йилдан шу кунга қадар бўлган жами 422 минг 798 та ҳужжат сақланиб келмоқда. Шундан 312 минг 500 таси бошқарув ҳужжати, 105 минг 96 таси шахсий таркиб, 1198 таси шахсий келиб чиқиш, 359 та илмий-техникавий тиббиёт ҳужжати ва 3645 таси сурат (ҳужжат)ларни ташкил этади.
[gallery-21577]
Ўтган 2024 йил давомида Жиззах вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси ҳамда унинг тизимидаги архив муассасалари томонидан олиб борилган самарали ишлар натижасида бир қатор ютуқларга эришдик.
Фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда келиб тушган сўровларнинг қисқа муддатларда кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида давлат архивлари сақловидаги архив ҳужжатларининг электрон нусхаларини яратиш бўйича жадаллик билан иш олиб борилди. Шу даврда архив фондларини бойитиш мақсадида вилоятимиз ҳудудида фаолият юритувчи корхона, ташкилот ва идоралардан 163 минг 432 сақлов бирлигидаги ҳужжатлар архив сақловига қабул қилиб олинди ҳамда уларга илмий-техник ишлов берилди, таъмирланди, тикилди ва муқоваланди. Ушбу жараён даврида ҳудудлардаги турли корхона, муассаса ва ташкилотларда назорат текширувлари ва ўрганишлар ўтказилди.
Жиззах вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси тизимидаги архив муассасаларида иш режаларининг бажарилишини таъминлаш борасида олиб борилган самарали ишларимиз натижасида тармоқ ишини ривожлантиришга эришилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Архив муассасалари томонидан бошқарув ҳужжатлари хатлови такомиллаштирилиши ҳамда ҳужжатларнинг мавжудлиги ва ҳолатини текшириш ишлари ҳам самарали олиб борилди. Ўтган 2024 йил давомида архив муассасаларига фуқароларимиздан 9295 та ижтимоий-ҳуқуқий ҳамда мавзули сўровлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан жами 55 та мурожаат келиб тушди ва уларнинг барчаси қаноатлантирилганини алоҳида қайд этган бўлардим.
Ҳудудий бошқарманинг асосий иш режасига кўра, Жиззах шаҳри ва вилоятнинг 12 та туманида жисмоний ва юридик шахс вакиллари билан сайёр қабул ўтказилди. Ушбу қабулда фуқаролардан келиб тушган соҳага оид муаммоли ҳамда баъзида жуда қизиқарли бўлган барча сўровлар қаноатлантирилди.
Бошқармамиз ҳамда унинг тизимидаги архив муассасалари томонидан норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга қаратилган 42 та ташкилотнинг иш юритиш йўриқномаси, эксперт комиссияси ҳамда идоравий архив тўғрисидаги низомлари, уларнинг йиғмажилдлари номенклатураси ишлаб чиқилди ва бошқарма ҳузуридаги эксперт текшириш комиссияси (ЭТК)да келишилди.
Жиззах вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси тизимидаги давлат архивларида топилган маблағлар ҳисобига тизимдаги архивлар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган бир қатор самарали ишлар олиб борилди. Архив муассасалари томонидан замонавий турдаги компьютер ҳамда сканер ускуналари харид қилиниб, уларнинг моддий-техник базалари мустаҳкамланди. Зафаробод, Мирзачўл ҳамда Зарбдор туманларидаги архив бинолари қайта таъмирланди. Фуқаролар қабулини ташкил этиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида алоҳида хоналар ажратилиб, улар зарур жиҳозлар ва кузатув камералари билан жиҳозланганини ҳам таъкидлаб ўтган бўлардим.
Бугунги кунда Жиззах вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси тизимидаги 10 та шахсий таркиб ҳужжати давлат архиви Адлия вазирлиги томонидан ажратилган биноларга кўчиб ўтган ва ушбу биноларда фуқароларга хизмат кўрсатиш учун барча қулайлик яратилган.
Ўрол ЎРАЗБОЕВ,
Жиззах вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси
бошлиғи, Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА