Сирдарё туманининг Тадбиркорлар маҳалласида яшовчи Артур Файзулин жорий йилнинг 30 январь — 7 февраль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган армрестлинг ва пара-армрестлинг бўйича Жаҳон кубоги — “World Armwrestling & Para Armwrestling Cup 2026” мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этиб, кумуш медални қўлга киритди.
Эътиборлиси, Артур пара-армрестлинг билан фақат 3 ой олдин шуғуллана бошлаган эди. Шу вақт ичида унинг қатъиятлилиги, иродаси ва ишончи уни халқаро майдонда ғолиблар қаторига киришига имкон яратди.

– Артур Файзулин билан иш бошлаганимизда у жуда оғир вазиятда, ишсиз бўлиб, одамларга кам қўшиларди. “Фаол ҳаётга қадам” дастури асосида уйда қараб туриш хизмати йўлга қўйилди. Унинг соғлиғи ва руҳиятини тиклаш учун пара-спорт билан шуғулланиш тавсия қилинди. Бугун Артур ака эришаётган ютуқларни бизнинг ижтимоий хизматлар самараси деб бемалол айта оламиз, – дейди Сирдарё тумани Тажрибакор маҳалласининг ижтимоий ходими Венера Алибекова.

– Бунга қисқа фурсатда эришишнинг ўзи осон бўлмади. Энг аввало, ижтимоий ходим ёрдами ва маслаҳати катта рағбат вазифасини ўтади, – дейди Артур.
Бахтсиз ҳодиса туфайли икки оёғидан айрилган Артур аввал ўзини жамиятдан узилиб қолгандек ҳис қилган. Ишсизлик ҳам унга қийинчилик туғдирган, ногиронлик сабаб олган нафақаси эса етарли бўлмаган.

– Инсон иродали бўлса ва ёнингизда тўғри маслаҳат берадиган кишилар бўлса, қанча қийинчилик бўлса ҳам енгиб ўтиш мумкинлигини ҳис этдим. Ҳозир нафақат пара-спорт, балки ҳунармандчилик билан ҳам шуғулланяпман. Бу эса ҳаётим мазмунига айланди. Аммо мени ўйлантирган бир масала бор. Юртимизда ёшлар спорт билан шуғулланиш ва яхши натижа қўлга киритиш учун имкониятларга эга. Шунга қарамай, кўпчилик вақтларини фойдасиз телефон ва компьютер ўйинларига сарфламоқда, бу эса уларнинг салоҳиятини тўлиқ очишга халақит беради, – деди Артур Файзулин.
Айни вақтда Артур халқаро мусобақаларда иштирок этиб, юрт байроғини баланд кўтаришга тайёргарлик кўрмоқда.
– Мақсад бор, муддао ҳам. Муҳими, доимий ҳаракатда бўлиб, ғалаба қозониш. Бу эса менинг энг асосий шиоримга айланди, – дейди у.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири