Арнасойда наслли чорвачилик йўлга қўйилмоқда
Жиззах вилоятининг Арнасой тумани қишлоқ хўжалигида деҳқончилик асосий тармоқ ҳисобланади. Аммо кейинги йилларда мамлакатимиз қишлоқ ҳўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар туфайли туманда чорвачилик ҳам ривожлантирилмоқда.
Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган туб иқтисодий ислоҳотлар туфайли илгари фақат пахта ва ғалла етиштириб келинган туманда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари ривожлантирилмоқди. Аввал чорва моллари фақат шахсий хўжаликларда боқилган туманда ушбу тармоққа ихтисослашган фермер хўжаликлари ҳам кўпаймоқда.
Туманда чорвачиликка ихтисослашган 46 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатяпти. Уларда 8 минг бошдан зиёд қорамол 5 минг 700 бошга яқин қўй-эчки боқилмоқда.
Туманда чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларига яйлов ва озуқа экинлари экиш ва яйлов учун жами 3 минг 140 гектар ер майдони ажратиб берилган. Чорвадор фермерлар бу майдоннинг 2 минг 47 гектаридан яйлов сифатида фойдаланаётир.
Тумандаги “Сангзор” чорва наслчилик фермер хўжалигида тармоқни муваффақиятли ривожлантираётган хўжаликларидан бири. Хўжаликда боқилаётган 1 минг 380 бош қорамолнинг 297 бошини хориждан келтирилган наслли моллар ташкил этади. Хўжаликда сут ишлаб чиқариш ва наслли моллар етиштиришни йўлга қўйиш учун замонавий технологияларни жорий этиш устида иш олиб борилаётир.
Тумандаги яна бир фермер хўжалиги – “Сангзор пахтакор чорваси” чорвачиликнинг ҳудуд учун ноанъанавий бўлган наслли қўйчиликни ривожлантириш йўналишида фаолият юритишга киришди. Шу мақсадда хўжаликда 100 бош наслли қўй боқилмоқда. Хўжаликка яйлов учун 200 гектар лалми ер, чорва озуқаси етиштириш учун 10 гектар сувли майдон ажратилган.
[gallery-727]
–Туманда чорвачиликни ривожлантириш имкониятлари катта , – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Арнасой туман бўлими катта инспектори Илҳом Маматов. – Айниқса давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан чорвачилик хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш бўйича белгилаб берилган вазифалар тармоқни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлаётир. Инспекциямиз томонидан чорвадорларга ер ажратиш, кредитлаш, озуқа базасини яратиш, наслчиликни йўлга қўйиш ва янги технологиялар олиб келишда яқиндан ёрдам берилмоқда.
Вилоятда ўтган йили чорвачилик фермер хўжаликларининг озуқага бўлган талабини кондириш мақсадида 3 минг 262 гектарига беда, 227 га ҳашаки лавлаги, 2 минг 526 га дон учун, 899 га силос учун маккажўҳори, 35 га тритикали, 25 га соя ва бошқа озуқалар етиштирилди. Бундан ташқари ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида 4 минг 100 гектарига дон учун ва 16 минг 400 гектарига силос учун маккажўхори экилиб, чорва озуқаси тайёрланди.
Озуқа базасининг мустаҳкамлиги чорва қишловининг талофатсиз, муваффақиятли ўтишини таъминламоқда.
Т.БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА