Арманистонда парламент сайловларининг якуний натижалари 14 июнда маълум бўлади
Арманистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ваагн Овакимян ўлкада ўтган парламент сайловларининг расмий натижалари 14 июнь куни эълон қилинишини билдирди. Унгача комиссия овозларни қайта ҳисоблаш, йўл қўйилган хатоларни тўғирлаш ҳамда келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш билан шуғулланади.
Мамлакат сайлов кодексига кўра, натижалар эълон қилингач, сиёсий партияларга беш кунлик муҳлат берилади ва улар 19 июнь куни Конституциявий судга эътироз билдиришлари мумкин. Агар судга шикоят тушса, у 15 кун ичида кўриб чиқилади. Мабодо ҳеч ким судга арз қилмаса, партияларга депутатлик мандатларини топшириш жараёни бошланади.
Маълумки, Арманистонда парламент сайловлари 7 июнь куни бўлиб ўтди ва унда сайловчиларнинг 58,97 фоизи қатнашди. Дастлабки маълумотларга кўра, амалдаги бош вазир Никол Пашиняннинг "Фуқаролик шартномаси" партияси 49,825 фоиз овоз тўплаган, иккинчи ўринни 23,281 фоиз овоз билан тадбиркор Самвел Карапетяннинг “Кучли Арманистон” блоки, учинчи ўринни эса 9,934 фоиз овоз билан собиқ президент Роберт Кочаряннинг “Арманистон” блоки эгаллади. Бизнесмен Гагик Царукяннинг “Фаровон Арманистон” партияси эса бор-йўғи 3,996 фоиз овоз олгани сабабли асосий “пойга”га кира олмади.
Шу билан бирга, маҳаллий кузатувчилар ва мухолифат сайлов пайтида жиддий қонунбузарликлар, жумладан, овозларни сохталаштириш, бюллетенларни ташқарига олиб чиқиш ва очиқ овоз бериш ҳолатлари бўлганини айтмоқда. Шунингдек, сайловолди кампанияси ва овоз бериш кунларида мухолифат вакиллари ҳибсга олингани ҳам хабар қилинган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА