Арманистон Озарбайжон билан шартнома имзолашга тайёр
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Москвада бўлиб ўтган МДҲ саммитида Арманистон Озарбайжон билан тинчлик шартномасини шу ой имзолашга тайёрлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги босқичда икки давлат ўртасидаги тинчликнинг мустаҳкам пойдеворига айланиши мумкин бўлган бир қатор фундаментал масалалар бўйича қарор қабул қилиш зарур. Гап бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олиш, ўзаро ҳудудий эътирозлар йўқлигини тасдиқлаш ва келгусида бундай даъволарни илгари сурмаслик мажбурияти, куч ишлатмаслик ва таҳдид қилмаслик тамойилига риоя қилиш, шунингдек бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, дипломатик муносабат ўрнатиш ва тинчлик шартномаси томонлари ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажариши учун икки томонлама механизм яратиш ҳақида эканини таъкидлади.
– Бу масалалар “Арманистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида тинчлик ва давлатлараро муносабат ўрнатиш тўғрисидаги шартнома” лойиҳаси асосида аллақачон келишилган, деди Пашинян. – Биз ҳужжатни шу ой имзолашга тайёрмиз ва бу бизнинг расмий ёндашувимиз. Ҳар икки томон лойиҳанинг 80 фоизини келишиб олган.
Яқинда Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари Тинчлик шартномаси лойиҳасини якунлаш бўйича ишни фаоллаштиришга келишиб олган эди.