Ҳар жиҳатдан қулай ва фойдали
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида касаначиликни ташкил этиш бўйича ўзига хос тажриба тўпланган.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида касаначиликни ташкил этиш бўйича ўзига хос тажриба тўпланган.Завод қошида фаолият олиб бораётган касаначилик маркази аъзолари буюртма асосида иш кийимлари, қўлқоп, кўрпа-ёстиқ жилдлари каби ўндан зиёд турдаги маҳсулотлар тайёрламоқда.
Ҳозирги кунда заводнинг Қоровулбозор, Шофиркон ва Ғиждувон туманларидаги касаначилик марказлари ва уларнинг филиалларига 650 нафар фуқаро аъзо. Уларнинг аксарияти хотин-қизлардир.
– Уйимизга ярим тайёр маҳсулот етказиб берилади, – дейди заводнинг касаначилик маркази ишчиси, Қоровулбозор тумани “Бўзачи” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Феруза Пўлатова. – Тайёр бўлгач, завод транспортида олиб кетилади. Буюртмани уйимизда бажариш учун сарфланадиган электр энергияси тўлови корхона ҳисобидан қопланади. Бундан ташқари, завод ишчиларига бериладиган тегишли имтиёз ва қулайликлардан фойдаланиб келмоқдамиз. Хуллас, касаначилик ҳар жиҳатдан фойдалидир.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2006 йил 5 январда қабул қилинган "Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда турмуш даражасини юксалтиришда муҳим дастуруламал бўлмоқда.
Оила даромадини оширишнинг муҳим манбаларидан бирига айланган уй меҳнатининг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, у билан шуғулланувчиларнинг фаолият даври иш стажига киради. Шунинг учун ҳам ёш болали аёллар ўртасида касаначиликка қизиқиш катта.
Нефтни қайта ишлаш заводи директори ўринбосари Нодир Тешаевнинг айтишича, касаначиликни ривожлантириш корхонага катта фойда келтирмоқда. Мисол учун, зарур тикувчилик буюмлари учун кетадиган маблағ тежалмоқда. Ўтган ярим йилликда шу ҳисобдан 326 миллион сўм иқтисод қилинган.