Ҳар ким ҳам ўқитувчи бўлолмайди
“Барибир ўқитувчи бўлмайман“.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
“Барибир ўқитувчи бўлмайман“. Болалигимда отамга шу гапни кўп айтардим. Чунки у киши педагог бўлишимни хоҳларди. Менинг истагим эса тамоман бошқа эди: шифокор бўлишни орзу қилардим. Тезроқ катта бўлсам, ўқиш-ёзишни билиб олсаму, эгнимга оқ халат кийиб, одамларни даволасам дердим. Шунинг учун мактабга боришга жуда ошиққанман.
Ҳар куни маҳалладан сумка кўтариб ўтаётган йигит-қизларни кўрганимда мактаб қандай жой экан ўзи, деб қизиқардим. Ниҳоят, етти ёшга тўлдим. Биринчи синфга бордим. Билдимки, мактаб айнан мен хоҳлаган маскан экан. Ўша пайтда деворлари нураган, совуқ кунларда печкадаги кўмир тафтидан аранг илийдиган кўримсиз синф хоналар, эскирган парталар, тез-тез сиёҳи тугаб қоладиган, баъзан яхши ёзмай, уст-бошимни “безаб” қўядиган пероли ручка ҳам жуда-жуда қадрли эди менга.
“Қўрққаним учун яхши ўқиганман“. Мен анча пайт шундай хулоса билан юрдим. Мактабни шу ўйда битирдим, шу ўй билан институтга кирдим, тамомладим. Фақат иш бошлаганимдагина тушундимки, адашган эканман... Бу қўрқув эмас, ўз касбининг чинакам фидойиси, ҳақиқий билимдонига мурғак юрагимда уйғонган кучли ҳавас, юксак ҳурмат экан аслида.
Гап шундаки, мактабда ҳамма фан ўқитувчиларини яхши кўрардим, дарсларни аьло баҳоларга ўзлаштирардим. Биргина инглиз тили ўқитувчимиз Робия Қаҳҳоровадан негадир доим қўрқардим. Устоз жуда қаттиққўл, талабчан эди. У кишидан танбеҳ эшитишдан шу қадар чўчирдимки, ҳозир ҳам ўша пайтлардаги юрагим гупур-гупурини, вужудим титроғини ҳис қила оламан. Шунинг учун инглиз тилидан астойдил дарс тайёрлардим, ўқитувчим ўргатганларининг ҳар бирини тушуниб олишга, эслаб қолишга астойдил тиришардим. Ҳайиқиш билан бир пайтда мен устознинг инглиз тилида равон ва чиройли сўзлашишига астойдил ҳавас қилардим. Дарс ўтиш услублари ҳам бошқаларникидан ажралиб турарди. Ҳар бир ўқувчи билан алоҳида ишлардилар. Мавзуларни худдики саҳналаштирилган кўринишда тушунтириб берардилар.
Ана шу инсон орзуларимни янгилади. Инглиз тилини мукаммал ўрганиб, стюардесса ёки таржимон бўлиш истаги туғилди менда.
Мактабни тамомлаган пайтим отам яна ўша гапни айтди. “Ўқитувчи бўласан!”. Бу сафар рад этолмадим. У пайтлар репетитор деган гап йўқ эди. Лекин имтиҳонларга пухта тайёрланган абитуриент ўқишга кира олишига ҳар доим ишонч бор эди. Хуллас, дарслардан сўнг мустақил ўқидим, ўргандим. Ўша пайтдаги Бухоро давлат педагогика институтининг инглиз филологияси факультетига ҳужжат топширдим. Шу даргоҳга биринчи ўринда қабул қилиндим.
“Нега ўқитувчи бўлолмас эканман?!“ Кун келиб, ўзимга ўзим шу саволни бераман деб сира ўйламагандим. Ишонасизми, 4 йил ўқиб, эрта-индин педагоглик дипломини олиш арафасида туриб ҳам ҳалигача барибир ўқитувчи бўлмайман деган хаёлда эдим чунки. Ростини айтсам, талабаликнинг бешинчи курсини деярли ўқимадим. Деканимиз рухсати билан Бухородаги Чорбакр манзилига ташриф буюрган хорижлик сайёҳларга таржимонлик қилдим. Ишга шу қадар берилиб кетганимдан институтда ўқув йили тугаб бўлганига қарамай, уйга қайтиш хаёлимга ҳам келмасди. Таржимонлик шунчалик ёқиб қолганди-да.
Отамнинг Бухорога келиши буларнинг барига нуқта қўйди. Дадам мени уйга қайтариш учун атай Навоийдан етиб келганди.
Ўзим таҳсил олган маскан Кармана туманидаги 11-умумий ўрта таълим мактабига ишга жойлашдим. Биринчи дарс ўтадиган куним сира эсимдан чиқмайди. Илк дарс соатим 11-синф ўқувчиларига тўғри келди. Шунинг ўзиёқ мени янаям ҳаяжонга солиб қўйди. Чунки кичик ёшдаги синфлар бўлса, уларга гап уқтириш осон, аммо ақлини таниб, анча-мунча шўхликлар қилиб улгурган ўқувчиларни йўлга солиш барибир қийин-да.
Қандай бўларкин? Нима қиламан? Шу саволлар исканжасида таваккал синфхонага кириб бордим. Қўрқанимча бор экан. Ўқувчилар менга қулоқ солишмади. Бундай ҳолат кўп такрорланди. Ҳар кун уйга келиб йиғлардим, ўқитувчилик қўлимдан келмайди дердим. Бир кун ўзимга савол бердим: Нега ўқитувчи бўлолмас эканман?! Нима қилсам, ўқувчилар мени эшитади, дарсимга қизиқади? Уларнинг ҳурматини, ишончини қозониш керак. Бунинг учун доим бир хил қолипда – саломлашиш, давоматни билиш, ўтилган мавзу бўйича ўқувчиларни баҳолаш, янги мавзуни тушунтириш жараёнлари билан ўтиладиган дарсларга янгилик олиб кириш ҳақида ўйладим. Устозим Робия Қаҳҳорова шундай йўл билан бизни ўзига ром этганини эсладим. Қаранг, шу ерда ҳам ўқитувчим менга ўрнак бўлди.
Хуллас, янги руҳ, яхши кайфиятда ишга киришдим. Тил ўрганишда аввало, уни севишдан муҳими йўқ. Бу муҳаббатни уйғотишга масъул, таъбир жоиз бўлса, қодир инсон – муаллим. Шунинг учун ҳам мен дастлаб ўқувчиларга тил билишнинг аҳамияти, инглиз тилининг имкониятлари ҳақида таниқли олимлар, машҳур инсонлар ҳаётидан мисоллар келтирдим.
Дарс бошлашдан аввал ўқувчилардан юртимиз ва хориждаги энг муҳим янгилик, хабарларни инглиз тилида қисқача сўзлаб беришини сўрадим. Бу усул билан ўқувчилар ижтимоий-сиёсий жараёнлардан бохабар бўларди. Шу билан бирга воқеликни ўз нутқида тушунтириб бериш жараёнида сўз бойлигини орттиришга эришарди.
Барча ўқувчига бирдай тўғри келадиган тил ўргатиш усули мавжуд эмас. Шунинг учун ўқитувчи ҳар бир мавзуга янги бир ёндашув олиб кира олиши керак. Инглиз тили айниқса, шуниси билан мураккабки, биргина ҳарф турли ўринда ҳар ҳил талаффуз қилинади. Бир ҳарфни қисқа ёки чўзиб талаффуз қилиш ҳам тамоман бошқа маънодаги иккинчи сўзни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис ўқувчиларга кўпроқ тўғри талаффузни ўргатдим. Ҳар куни, баъзан тонггача кўргазмали воситалар тайёрладим. Саъй-ҳаракатларим зое кетмади. Дарсларимга ўқувчиларнинг қизиқиш, эътибор билан ёндашаётганини кўриб, ўзимнинг ҳам ишимга меҳрим ортиб бораверди. Фан олимпиадаларида ўқувчиларим фахрли ўринларни олганда, ота-оналар айниқса, ўқувчиларимнинг тилидан раҳмат эшитганимда мен амин бўлдим: ўқитувчилик – менинг тақдирим, менинг бахтим ва фахрим. Бир пайтлардаги каби афсусларга энди умуман ўрин йўқ ҳаётимда.
Шундай бўлар эканки, мактаб ўқитувчининг уйига, жамоа оиласига, ўқувчилар фарзандига айланиб қоларкан. Мен бунга ишонмасдим, ўзимдан бундай муносабатни кутган ҳам эмасдим.
Сени устоз деб аташганда кўнглингда шараф билан бирга катта масъулият ҳам уйғонаркан. Мен шу мақомга муносибманми деган саволни кўндаланг қўювчи масъулият бўларкан бу. Умрининг 35 йилини таълим-тарбияга бағишлаган инсон сифатида ҳалигача шу савол, шу ўй мен билан бирга.
Бугун қизим ҳам ёш педагог. Унга қараб ўзимнинг илк фаолият давримни эслайман. Тажрибаларимдан олган хулосаларим, тавсияларимни ҳамиша унга ўргатаман. Ўйлайманки, ҳозир айтмоқчи бўлганларим бошқа ёш ҳамкасбларимга ҳам қўл келади.
Ўқувчи ўзлаштиришда қийналаяптими, демак, айб ўқитувчида. Ҳа, худди шундай. Чунки муаллим ўқувчиларни ҳамма вақт тушуна олиши лозим. Унинг кечинмалари, ҳиссиётлари, муаммоларига бефарқ қараб бўлмайди. Фақат шу йўл билан болани қизиқтириш, салоҳиятини кўрсатиш ва унинг имкониятларини юзага чиқариш, истеъдодини кашф этиш мумкин. Бу борада буюк рус ёзувчиси Лев Толстойнинг ушбу фикрлари ҳеч бир изоҳга ҳожат қолдирмайди: “Ўқитувчи фақат ўз касбига меҳр қўйган бўлса – у яхши ўқитувчидир. Агар ўқитувчи фақат ўқувчисига меҳр қўйиб, уни худди ота-онаси каби яхши кўрса – у барча китобларни ўқиган, билимли, лекин касби ва ўқувчиларга меҳри бўлмаган ўқитувчидан кўра, албатта яхшироқдир. Ўзида ҳам касбига, ҳам ўқувчига нисбатан меҳрни жамлаган ўқитувчи эса – комил устоздир”.
Сабоқ бериш – маҳорат, дарс ўтиш – санъат. Мен шундай ўйлайман. Яхши педагог бўлиш учун ўз фанини чуқур билишнинг ўзи етарли эмас. Масалан, менинг турмуш ўртоғим химия фанини жуда яхши билади. Лекин уни бошқаларга ўргата олмайди. Чунки бунинг учун методикани билиш керак. Шунинг учун ҳамма билимдонлар ҳам устозлик қилолмайди.
Ўқитувчилик серқирра фаолият аслида. У деярли ҳар бир фан бўйича ҳеч бўлмаганда умумий билимларни эгаллаши, яхши нотиқ, малакали психолог, ўрни келганда маҳоратли актёр ҳам бўлиши керак.
Болага ўргатманг, ўрганишга истак уйғотинг! Нега дейсизми? Боланинг ўзида ўқишга хоҳиш-истак ва буни эплай олишга ишонч уйғотилмаскан экан, ўқитувчининг барча саъй-ҳаракатлари ҳавога совурилади. Бу борада америкалик ёзувчи, файласуф Элберт Хаббарт шундай деган: “Болани ўқитишдан мақсад – ўқитувчисиз ривожланишни давом эттириш имкониятини бериш”. Ҳақ гап. Агар ўқувчи фақат дарс жараёнида саволларга жавоб беролса, буни билим дейишга шошилмаган маъқул. Ҳақиқий билим машғулотлардагина эмас, ҳаётда, амалда ўз кучини кўрсатиши керак. Бунинг учун ўқитувчи ўқувчининг қизиқиш ва имкониятларини тўғри баҳолай олиши керак. Бунда рағбатлантириш усули ниҳоятда муҳим.
Навоий шаҳридаги 11-мактабда узоқ йил мобайнида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида меҳнат қилган пайтларим жамоамиз билан айнан шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратдик. Ўқувчиларни фахрий ёрлиқ, мақтов ёрлиқлари, турли китоблар билан тақдирлаб, уларнинг изланиш ва интилишларини имкон қадар қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдик. Бунда ҳеч бир ўқувчи назардан четда қолган эмас.
Бу уларнинг дарсларни ўзлаштиришига ўзининг ижобий таъсирини ўтказмай қолмаган. Қадрдон мактабимизда бу анъана ҳозир ҳам бор. Шунинг учун ҳам мазкур маскан таълим сифати бўйича республика миқёсида доим етакчилар сафида бўлиб келаяпти.
Таълимда жўн ва оддий нарсанинг ўзи йўқ. Бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Масалан, ўқитувчи фойдаланадиган оддийгина қизил ручка ҳам боланинг келажагини ҳал қилиши мумкин. Ажабланманг. Бундан хабар топган пайтим мен ҳам дастлаб ҳайрон бўлгандим. Бу ҳақда интернетда ўқигандим. Тажрибали психотерапевт айтишича, ўқитувчи томонидан ўқувчининг дафтаридаги қизил ручкада ажратиб кўрсатилган хатолар унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатар экан. Чунки қизил ручкада белгиланган хатолар ўқувчининг кўрув хотираси (фотохотира) орқали онг остида сақланиб қоларкан. У айнан қизилда ажратиб кўрсатилган хатоларнигина эслаб қоларкан, тўғри ёзилган ҳарфларни ёки тўғри ечилган мисолларни эмас. Бу билан ўқитувчи ўзи англамаган ҳолда ўқувчисида ўзидан қониқмаслик, ўзидан норози бўлиш, ўзига ишонмаслик туйғусини шакллантириб қўяркан. У улғайганда ҳам кўпроқ негатив туйғулар билан яшаркан. Демак, ўқувчининг тўғри бажарган амаллари алоҳида ажратиб, кўрсатиб берилса, унда ўзидан қониқиш ҳисси ва ўзига бўлган ишончи ортади. Психотрапевт бунда яшил ручкадан фойдаланишни тавсия қилган.
Кўряпсизми, биргина ручка ҳам ўқувчининг ҳаёти, келажаги, бутун умрига қанчалик дахл қилаяпти. Яна бир нарса: мактабда таълим беришнинг ўзи кифоя эмас. Таълим ҳар доим тарбия билан уйғун олиб борилиши керак. Бола асосий вақтини мактабда ўтказади. Ўз-ўзидан унинг тарбияси кўпроқ устоз-мураббийлар зиммасига юкланади. Тарбияда қуруқ панд-насиҳат билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Биринчи навбатда, ўқитувчи бу борада ўқувчига ибрат, ўрнак бўлиши лозим. Негаки, одатда кўпчилик ўқувчи устозини мукаммал, идеал шахс сифатида қабул қилади. Унга тақлид қилади. Ўқитувчининг соч турмагидан тортиб, ҳар бир сўзи, хатти-ҳаракати доим ўқувчининг эътиборида бўлади.
Ўқитувчи ва мураббийлар аҳволига ҳавас қилиб бўлмасди. Ҳа, шундай... эди.
Бошланғич синф ўқувчисидан келажакда қайси касбни танлаш ҳақида сўралса, аксарияти “ўқитувчи бўламан”, дея жавоб беради. Нима учун бу касбни танламоқчи эканини билишга уринсангиз муаллимини яхши кўргани, унинг кўп нарса билишига ҳавас қилгани учунлигини айтади. Аммо вақт ўтиб, болаликдаги мақсадга кимдир содиқ қолади, яна кимдир эса йўқ. Бунинг кўп сабаблари бор.
Узоққа бормайлик, яқин-яқингача кунда-кунора ўқитувчи мажбурий меҳнатга – пахта, дала ишлари, кўча тозалаш, металлалом йиғиш, мактаб ҳовлисини супуриш ва ҳоказоларга жалб этиларди. Бош кўтаролмайдиган даражада қоғозларга кўмиб ташланганди. Камига ота-оналарнинг дағдағасига дуч келадиганлари ҳам бўлгани рост. Шундай хокисор устозларни кўриб, кўпларнинг болаликдаги ҳаваси ҳавас, орзуси орзу бўлиб қолиб кетгани бор гап. Яширадиган жойи йўқ, маош масаласи ҳам оғриқли эди.
Тасаввур қилинг, бундай вазиятда ўқитувчи навбатдаги дарсга қандай тайёргарлик кўради? Бир ёқда оила, бола-чақа, рўзғор ташвишларини ҳам четга суриб бўлмаса... Бу саволларга шунчаки жавоб йўқ эди.
Педагогика йўналишида 4 йил ўқиб, болаларга сабоқ бериш сирларини ўрганиб, бироқ ўқитувчи бўлиб ишламаган яхши кадрлар ён-атрофимизда бор бўлгани ҳам ҳақиқат.
Ҳа, ўқитувчи ва мураббийларнинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмайдиган даврлар ҳам ўтди бошимиздан. Тизимда муаммолар тўпланиб қолганди. Бугун уларнинг кўпи ҳал бўлаётгани кишини қувонтиради. Ўқитувчининг обрў-эътибори, ҳурмати кўтариляпти, маоши ошаяпти, шарт-шароитлари тобора яхшиланяпти. Бундан суюнмай бўладими!?
Сабоқ бериш – буюк иш. Мен бунга ишонаман. Инсон қандай оғир шароитда, қанчалик қийинчиликда ўқиган бўлмасин, севимли устозини умр бўйи эсдан чиқармайди. Орадан 20-30 йил ўтса ҳам қадрли ўқитувчисининг ҳатто соч турмагидан тортиб, кўйлагининг гулигача кўз олдида кечагидай гавдаланаверади. Собиқ ўқувчиларим, шогирдларим ҳар гал йўқлаб келганда, улар билан хотираларни эслаганимизда бунга кўп бор амин бўлганман. Ҳозир нафақадаман. Лекин энди фарзандимни ҳам ўзингиз ўқитиб беринг, деб уйимга боласини етаклаб келаётган шогирдларим кўп. Бу кимлар учун оддий иш, шунчаки юмуш бўлиб туюлиши мумкин. Аслида сабоқ бериш – эзгу амал, буюк иш. Неча-неча даҳолар ҳам, дунёни лол қолдиргулик ихтиро ва кашфиётлар ҳам айнан ўргатувчининг ўрганувчига кўрсатган йўл-йўриғи, турткиси билан яратилган. Шунинг учун ҳамкасбларим, издошларим ўзидан ҳар қанча фахрланса, шунга муносиб.
Назира РАЖАБОВА, фахрий ўқитувчи.