Ҳар бир чеҳра гулни ёдга солади
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвонсаройида “Дўстлик” ордени соҳибаси, таниқли рассом Нодира Орипованинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган “Афросиёб маликалари” номли шахсий кўргазмаси иш бошлади.

– Бизда аёл рассомлар камчиликни ташкил этади, – деди рассом Шавкат Музаффар. – Улар орасида Нодира Орипованинг ўз ўрни бор. Опанинг ижодий ишларида шарқона назокатни, нафисликни ва ўзгача руҳни сезасиз. Айниқса аёл чеҳрасини шунчалар гўзал тасвирлайдики, кўз ўнгингизда ажиб гўзалликлар намоён бўла бошлайди. Ҳар бир чеҳра гулни ёдга солади, ундаги ранг-баранг тасвирлар кайфиятни кўтаради.

Рассом аввало шарқнинг гўзал аёлларини чизаётганда шарқона латофат ва миллийликка алоҳида эътибор қаратади. Тарихий суратларни қоғозда акс эттириш кишидан анчагина билим ва тафаккур талаб этади. Агар рассомда шу унсурлар бўлмаса картина муваффақиятли чиқмайди. Опанинг асарлари инсонга эстетик завқ берибгина қолмасдан, кишининг илмий салоҳиятини бойитишга ҳам ҳисса қўшади.
“Афросиёб маликалари”ни 16 мартга қадар томоша қилиш мумкин.