АҚШда Трампнинг "Янги Америка" ғояси турли баҳсларга сабаб бўлмоқда
Оқ уй раҳбари Дональд Трамп мамлакатнинг сиёсий ва жамоатчилик муҳитида яна бир ғайриоддий ташаббусни илгари сурди. У ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали ўлкадаги Нью-Мексика штати номини "Янги Америка" деб ўзгартириш ғоясини илгари сурди.
Трамп таъкидлашича, у штат номини ўзгартириш бўйича бир қатор таклифлар олган ва бу ғоя унга маъқул келган.
- Бу штат аҳолиси учун анча нуфузли ва чиройли ном бўлиши мумкин, бу янги ном менга жуда ёқди, - деб ёзди у ўз саҳифасида.
Экспертлар фикрича, мазкур ташаббуснинг амалга ошиши ҳуқуқий жиҳатдан осон иш эмас. АҚШда штатлар номини ўзгартириш федерал ҳукуматнинг бир томонлама қарори билан амалга оширилмайди. Бундай масала аввало, штатнинг ўзидаги конституциявий ва қонуний тартиб-таомилларни талаб қилади.
Трампнинг мазкур баёноти Нью-Мексика раҳбарияти томонидан “хушхабар” сифатида қабул қилинмади албатта. Штат губернатори, демократ Мишель Лухан Гришам ижтимоий тармоқда президентга жавоб қайтариб, Нью-Мексика номи ўзгартирилиши муҳокама қилинадиган масала эмаслигини билдирди.
Нью-Мексика номи штат тарихининг муҳим қисми ҳисобланади. Ҳудуд номи испан мустамлакачилиги давридан шаклланган бўлиб, унинг тарихий ва маданий илдизлари АҚШ давлатчилиги ташкил топишидан анча олдинги даврларга бориб тақалади.
Қизиғи шундаки, Трамп бундан аввал ҳам географик номлар масаласида ўзгартириш таклифлари билан чиққан эди. Жумладан, Канада билан савдо музокараларида келишувга эришилмаганидан кейин Онтарио кўли номини “Америка кўли” деб аташ ғоясини илгари сурган эди.
Трампнинг бундай ташаббуслари унинг сиёсий услубига хос рамзий ва провакацион баёнотлар сифатида баҳоланмоқда. Географик номлар оддий атама бўлиб кўринса-да, улар ортида тарих, миллий ўзлик, ҳудудий хотира ва сиёсий рамзлар мужассам.
Масала амалда штат номининг ўзгаришига олиб келадими ёки йўқми - бу ҳозирча ноаниқ. Аммо Трампнинг баёноти Қўшма Штатлар жамиятида тарихий номлар, штатларнинг ҳуқуқлари ва федерал ҳокимият ваколатлари ҳақидаги баҳсларни яна кун тартибига олиб чиқди.
Шу тариқа, бир қарашда рамзий туюлган “Янги Америка” ғояси АҚШда сиёсат, тарих ва миллий ўзлик кесишган нуқтадаги янги баҳс мавзусига айланди.
Нодира Кайимова,
ЎзА