АҚШда СИни тўсиб қўйиш бўйича қонун лойиҳаси илгари сурилмоқда
“Anthropic” ёздан буён АҚШ Конгрессига тақдим этиш учун сунъий интеллект тизимини тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳасини илгари сурмоқда, деб ёзган “Politico” нашри.
Мазкур ҳужжат ҳукуматга СИ моделлари яратилиши ёки қўлланишини тўсиб қўйишга имкон беради. Бунинг учун экспертлар ҳайъати тизим 1 миллиард доллар зарар етказиши ёки “50 дан ортиқ одамнинг ўлими ёки жиддий жароҳат олиши” хавфини туғдириши мумкинлигини исботлаши керак.
Таҳдид биологик қуролни ясаш ва ишга солиш, модел ишлаб чиқувчи назоратидан чиқиб кетиши ёки кибер ҳужум билан бевосита боғлиқ бўлиши мумкин.
АҚШ Савдо вазирлигида рўйхатдан ўтган мустақил экспертлар мавжуд хавфни аниқлаши кутиляпти. Вазиятга берилган баҳо асосида департамент лойиҳани музлатиш учун судга мурожаат қилиши эҳтимоли бор. Шунингдек, ташаббус ишлаб чиқувчидан ички хавфсизлик бўлими яратиш, модел ишлаши бўйича ҳисобот нашр этиш, қоидабузарликни ошкор қилган ходимни жавобгарликдан ҳимоя қилиш ва ҳар қандай жиддий носозлик ҳақида Савдо вазирлигига дарҳол хабар беришни ҳам тақозо этади.
Қонун лойиҳасида белгиланган қоида ўтган йил Калифорнияда қабул қилинган сунъий интеллектни тартибга солиш қонунида ҳам акс этган.
С.Раҳимов, ЎзА